ФАО кўмагида янги лаборатория ишга туширилди
Тошкент давлат аграр университетида 24 февраль куни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО кўмагида янги географик ахборот тизимлари (ГАТ) лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Лаборатория "Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш" (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилди. У энг замонавий компьютерлар, сервер, тупроқ хариталарини чоп этиш ва GPS қурилмалари билан жиҳозланган.
– ГАТ лабораторияси учун сотиб олинган илғор ускуналар фазовий ва геоахборот маълумотларини ишлаб чиқиш ва алмашиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқариш учун кенг имкониятлар яратади, – дейди лойиҳанинг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов. – Марказий Осиёда географик ахборот тизимлари имкониятлари минтақадаги ўрганилмаган ва камайиб бораётган ресурсларнинг реал ҳолатини аниқлашда асосий роль ўйнайди.

Геоахборот технологиялари ерларнинг деградация жараёнларини ўрганиш ва хариталаш, тупроқ ҳолатини таҳлил қилишнинг самарали ва тезкор ахборот тизимларини яратиш, тадқиқ этиладиган ҳудуд тўғрисида тез ва сифатли маълумот олиш, масофадан зондлаш маълумотларига ишлов бериш орқали кўп йиллик мониторинг ишларини олиб боришга доир илмий тадқиқотларни амалга ошириш имконини беради. Мазкур лаборатория географик ахборот тизимлари ва фазовий маълумотларни таҳлил қилишда талабалар ва амалиётчилар учун ўқув маркази сифатида хизмат кўрсатади.
– Замонавий географик ахборот тизимлари тадқиқотларнинг барча соҳалари учун зарур бўлиб, ҳам илмий, ҳам ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилади. Бу йўналишда катта имкониятлар очаётган янги лабораторияни ташкил этишда амалий ёрдам бергани учун ФАОга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз, – дейди Тошкент давлат аграр университети ректори, академик Ботир Сулаймонов.

Очилиш маросимида янги лабораториянинг ишлаш жараёни тақдимот қилинди. Иштирокчилар унинг имкониятлари билан танишди.
Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган ерларидан фойдаланишни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда табиий ресурсларни компекс бошқариш бўйича амалиётлар кўламини кенгайтириш CACILM-2 лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади.
Ушбу лойиҳа БМТнинг Қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш ва Иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияларини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ўзгидромет Ўзбекистонда лойиҳа ҳамкорлари ҳисобланади.
ЎзА