ФАО кўмагида ишлаб чиқилган қонун амалда...
Жорий йил 4 апрель куни ФАОнинг “Барқарор озиқ-овқат тизимларини географик кўрсаткичлар орқали мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида Ўзбекистоннинг ғарбий минтақалари учун алоҳида эътиборга молик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – ноёб қовун навлари учун географик кўрсаткич белгисини бериш масаласини муҳокама қилишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги – USAIDнинг агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси, "Hilfswerk International" ташкилоти томонидан амалга оширилаётган ва Европа Иттифоқининг “Марказий Осиё – Invest V” дастури ҳамда Австрия тараққиёт агентлиги томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиёда агробизнес ва савдони ривожлантиришда кичик ва ўрта ҳажмдаги агробизнес корхоналарнинг рақобатбардошлиги ва салоҳиятини ошириш учун минтақавий интеграция – CANDY V” лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти қадимдан қовун етиштириш бўйича машҳур ҳудуд ҳисобланади, бу ерда қовуннинг 125 га яқин навлари етиштирилади. Бунда “Гурвак” нави муҳим ўрин тутади, ҳатто, ушбу қовун шарафига минтақада фестиваль ўтказилади.

– Икки ошпаз бир хил таомни тайёрлайди, лекин улардан бири уни янада мазали қилади ва бунга кўп омиллар таъсир қилади. Бизда ҳам худди шундай – бу каби ширин ва мазали қовун навларини бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз. Бунинг асосий сабаби ота-боболаримиз ўргатган усул бўйича ерга ишлов бериб, қовун етиштирганимиздир. Бундан ташқари, Амударё дельтасидаги тупроқнинг ўзига хос таркиби ҳам муҳим рол уйнайди, – дейди давра суҳбатида иштирок этган фермер Худойберган Аллаберганов.
“Гурвак” қовуни географик келиб чиқиши туфайли маҳсулот сифати ва ўзига хос хусусиятларга эга бўлишнинг ёрқин намунасидир. Дунёга машҳур Прованс зайтун мойи, Хитой ва Лион ипаклари, Самарқанд қоғози, Бордо, Луара ва Бургундия винолари ҳам бунга мисол бўла олади.
Ўзбекистон Республикасининг “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги янги қонунига кўра, келиб чиқиш жойи билан чамбарчас боғлиқ бўлган анъанавий маҳсулотлар мамлакатимизда “географик кўрсаткич” мақомига ва интеллектуал мулк объекти сифатида ҳуқуқий ҳимояга эга бўлиши мумкин.
Мазкур ҳужжат БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида “Маъмурий тизимни мустаҳкамлаш орқали барқарор географик кўрсаткичларни бошқариш ва қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.

– ФАО мамлакатда географик кўрсаткичларни тарғиб қилишга қаратилган иккита лойиҳа доирасида Ўзбекистонда ёрдам кўрсатади, – деди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров. – Биринчиси, лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги қонунини ишлаб чиқишда кўмак бердик. Бу лойиҳа муваффақиятли якунланди. “Барқарор озиқ-овқат тизимларини географик кўрсаткичлар орқали мустаҳкамлаш”мавзусидаги иккинчи лойиҳа эса алоҳида маҳсулотлар учун амалда бўлган географик кўрсаткичларни кенг татбиқ этишга қаратилган.
Ташкилот вакилининг сўзларига кўра, иккинчи лойиҳа доирасида самарали маркетинг стратегияси ишлаб чиқилмоқда ҳамда қишлоқ хўжалиги бозорини ахборот билан таъминлаш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини рағбатлантиришга хизмат қилади.
“Гурвак” қовуни янги қонун асосида географик кўрсаткичлари рўйхатдан ўтказиладиган биринчи маҳсулотга айланиши мумкин. Давра суҳбати иштирокчилари машҳур Хоразм қовунларига янги мақом бериш, экспортни кўпайтириш, агротуризмни ривожлантириш, шунингдек, “Made in Uzbekistan” брендини тарғиб қилишга ёрдам беришини маълум қилди.
ЎзА