Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси олимлари томонидан яратилаётган қишлоқ хўжалиги экинлари – пахта ва ғалла навларининг амалиётга жорий қилиниши, натижадорлиги, шу йўналишда амалга оширилаётган илмий изланишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, академик Бахтиёр Ибрагимов, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти директори Абдужалил Нариманов, Геномика ва биоинформатика маркази директори Забардаст Бўриевнинг соҳада қилинаётган ишлар, олимларга бўлган эътибор, ютуқ ва камчиликларга бағишланган маърузалари тингланди.
Қайд этилганидек, Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти томонидан 1992-2022 йилларда 53 та ғўза, 5 та буғдой ва 6 та соя навлари яратилган. “Марварид”, “Клейстогам-2” ингичка толали ғўза навлари, “Ан-Боёвут-2”, “Келажак”, “Юксалиш”, “Самара”, “Афсона”, “Зафар”, “Гулшан” ўрта толали ғўза навлари қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик соҳаларида қўлланилади.
Ушбу навлар тупроқ шўрланиши, касалликлар, зараркунанда-ҳашаротларга чидамли. Эртапишар, ҳосилдорлиги, толасининг сифати ва чиқими юқори. Ҳосил шохлари ихчам тўпланишга эга эканлиги учун терим машиналарида териб олишга қулай. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида буғдой ва соянинг навлари маҳаллий шароитларга мос, озуқабоблиги ва тезпишарлик жиҳатларидан устунликка эга ва 1000-1500 гектар ерга экилмоқда.
Бугунги кунда яратилган ғўза навлари 34 минг гектар ерда, буғдой навлари 1000 гектар ерда, соя навлари 5 гектар ерда экилган.
Шунингдек, Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази томонидан 2012-2022 йилларда 15 та ғўза, ва 1 та буғдой навлари яратилган. Тола сифати яхшиланган 15 та ўрта толали ғўза навларини тўқимачилик соҳаларида қўллаш мумкин. “Порлоқ” ва “Равнақ” навлари тола узунлиги ва пишиқлиги юқори.
Турли абиотик таъсирларга чидамли. Тола узунлиги ва пишиқлиги қанча юқори бўлса ип-калава олиш фоизи юқори бўлади. Бу – иқтисодий самарадор. Тола сифати юқори бўлганлиги сабабли сифатли мато олиш имконини беради. Юқори сифатли мато юқори нархларда баҳоланади.
Илк бор замонавий генетик инженерия услублари асосида 9 та ғўза, 1 та буғдой навлари яратилиб, қишлоқ хўжалигига татбиқ қилинди.
– Биз ўзимизнинг маҳаллий буғдойларимизни ўрганиб чиқдик, – дейди профессор Саидмурод Бабаев. – Кузатувлар шуни кўрсатадики, маҳаллий шароитда етиштирилган буғдой навларида нонбоблик, тўйимлилик хусусияти анча юқори. Ана шу изланишлар натижасида кўплаб янги навлар яратишга мушарраф бўлдик. Қадимий буғдой навларидан бири “Қайроқи” навини қайта тикладик. Аҳоли орасида сақланиб қолган буғдойларни йиғиб олиб, маҳаллий навларни оммалаштиришга эришдик. Унумдорлик ошса таъмга таъсир этиши мумкин.
Маълум қилишича, бугунги кунда яратилган ғўза навлари 30 минг гектар ерда, буғдой навлари 2 гектар ерда экилган.
Шунингдек, соя етиштиришни янада кенгайтириш борасида қилинаётган ишлар сарҳисоб қилинди. Соя етиштиришда мутахассислар ва олимлар ҳамкорлиги муҳим экани қайд этилди.
Д.Маматова, ЎзА