Фанлар академияси: Олима аёллар сони ортмоқда
Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институтида 11 фeвраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар кунига бағишлаб “Олима аёллар – эътиборда” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
– Бугун Фанлар академияси тизимида фаолият олиб бораётган аёлларни рақамлар билан кўрсатадиган бўлсак, илм-фанга хотин-қизларнинг кириб келиш сурати кескин ортганини кўриш мумкин, – дейди Фанлар академияси Ўзбекистон давлат тарихи музейи илмий бўлим бошлиғи, фалсафа фанлари доктори Дилафрўз Каримова. – Масалан, академия тизимида жами ходимлар сони 5 минг 337 нафарни ташкил этса, шундан 2 минг 81 нафари аёллардан иборат. Илмий ходимлар сони 2 минг 833 нафар, шундан 927 нафари аёллар. Жами фан докторлари 490 нафар бўлса, шундан 109 нафарини аёллар ташкил этади.

Тадбир доирасида “Иссиқ нон” фильмининг намойиши бўлиб ўтди. Баъзан ҳаёт тошдан қаттиқ тирикчилик юкини аёлнинг нозик елкасига ортади. Фильмнинг сценарий муаллифи ва режиссёр Умид Ҳамдамов “Иссиқ нон” фильмида уч авлодга мансуб тўрт аёлни ҳаёт синовлари қаршисига қўяди.

– Улар ўзаро зиддиятлараро тўқнашсалар-да, бу турли табиатли аёлларни ҳаётга бўлган муҳаббат бирлаштириб туради, – дейди Фанлар академияси Ижтимоий-гуманитар фанлари бўлими раҳбари, тарих фанлари доктори Нодира Мустафоева. – Энг кенжа авлод вакиласи, ўтиш давридаги 14 ёшли Зулфиянинг оиласини бирлаштириш, оиласига қайтиш учун куйиб-пишишлари айниқса, оталарни бефарқ қолдирмайди. Зулфия орзулари йўлида қоқилади, туради, лекин улардан воз кечмайди.

Тадбирда Фанлар академиясининг 36 та илмий тадқиқот институтларида фаолият олиб бораётган олима аёллар иштирок этди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА