Атрофимизга қарасак, ҳаёт тўлиқ автоматлаштирилгандек, ҳар бир қадамимиз электрлаштирилган, рақамлаштирилган қурилмадан иборатдек. Инсон учун дунёнинг нариги чеккаси ҳам бир зум, алоқа боғлаш сониялар билан белгиланади. Илм-фан, юқори технология тараққиёти шу даражага етдики, гўё, энди янги кашфиёт, ихтиро қолмагандек.
Аслида бундай эмас. Илм-фан бир жойда тўхтаб, олимлар ишсиз қолгани йўқ. Ҳар соҳада кашфиёт бисёр, ихтиролар пешма-пеш тақдим этилмоқда.
Масалан, яқинда олимлар тарихдаги энг катта рақамли камера яратиш бўйича ишни ниҳоясига етказди. Қурилма инсон кўзидан юз миллионлаб марта аниқ кўра олади.
Хуллас, ҳозирча энг катта – 3200 Мп-камера тайёр бўлди. “Legacy Survey of Space and Time” (LSST) деб номланган мазкур қурилма ишланмаси ва ясалиши учун қарийб йигирма йил талаб этилди.
Улкан аппарат Чилида жойлашган Вери Рубин номли расадхонага ўрнатилиб, осмоннинг ҳар бир қисмини кузатиб туради, коинотни суратга олади. Табиийки, глобал илмий ҳамжамият янги ускунадан навбатдаги кашфиётларни интиқлик билан кута бошлади.
“Legacy Survey of Space and Time” ҳар бири 16 мегапиксел ўлчамдаги 189 та алоҳида модулдан ташкил топган. Умумий ўлчами 3200 мегапиксел. Таққослаймиз: инсон кўзи атиги 120-140 мегапиксел. Демак, бу камера ёруғликка нисбатан одамдан 100 миллион марта сезгирроқ.
Нима кераги бор?
LSST ҳар куни тунда юлдузли самони 20 сония оралиғида суратга олиб туради, бир кечада 15 терабайт маълумот тўплайди. Якуний мақсад – тунги осмоннинг 60 петабайтлик харитасини яратиш. Камера чексиз коинотни янада яхшироқ ўрганиш, галактикамиз атрофи билан боғлиқ кўплаб саволларга жавоб топиш, хусусан, коинотнинг кенгайиб бориш тамойилини тушуниш имконини беради. Қолаверса, LSST орқали олимлар қуёш тизими ва юлдузимизга қарашли сайёралар айнан қай йўсинда шаклланганига, қора материя жумбоқларига ойдинлик киритса, ажаб эмас.
Янги робот чигирткадек сакрайди ва сузади
Киль университети зоология институти мутахассислари ушбу муҳандислик муъжизасини яратиш учун Хитой “Oxya chinensis” чигирткасининг сув юзасида сузишини ўрганишди.
Ҳашоратнинг сув юзасида сузиши ва сув ичидан сакрай олишидан илҳомланган олимлар шундай робот яратишга қарор қилишди, дейилади “TechXplore” хабарида.
“Oxya chinensis” Хитойнинг шоли етиштириладиган минтақаларида, айниқса Янцзи дарёси бўйида кенг тарқалган. Чигиртканинг бу тури қуруқликда яшайдиган жониворлар орасида сув акробатикасини ўзлаштиргани билан ажралиб туради. Агар сувга қуласа, жуда осон чиқади ва ҳавога енгил кўтарилади.
Даставвал олимлар лабораторияда ҳашоратнинг ҳаракатини ўрганишди. Тажриба учун узунлиги 2,2-3,4 сантиметр, оғирлиги 0,4 грамм 15 чигиртка танлаб олиниб, сув билан тўлдирилган шишали идишга ташланди. Ҳашоратлар баъзан сув юзасида ҳаракат қилмаган, баъзан оқим бўйлаб суст ҳаракат қилган ёки фаол сузган ва қўққис ҳавога сакраган. Янги робот ҳам Хитой чигирткаси амалга оширадиган амалларни уддалай олди.
Энг кучли МРТ аппарати инсон миясини аниқ суратга олди
Франциянинг муқобил энергетика ва атом энергияси бўйича комиссияси (CEA) олимлари илк бор инсон миясини энг кучли МРТ аппарати ёрдамида суратга олди.
“Iseult MRI”, деб аталган, оғирлиги 123 тонна келадиган мазкур қурилманинг магнит майдони кучи 11,7 Тесла. Бу одатдагидан сезиларли равишда кучли. Оддий шифохонадаги МРТ кучи 1,5-3 Тесла.
“Iseult MRI” тасвирни ўта йирик, яъни бир неча минглаб нейронга тенг ўлчамда олади.
Кучли магнит майдони миянинг аниқ тасвирини олиш имконини беради. Қолаверса, янги аппарат тезликка ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, тадқиқот иштирокчилари миясини ўрганиш учун тўрт дақиқа кифоя қилди. Оддий аппарат эса шу амалга бир неча соат сарфлайди.
Мутахассислар таъкидлашича, “Iseilt MRI” мия фаолиятини батафсил ўрганишга ёрдам беради. Энди олимлар идрок этиш ҳолатига қайси нейронлар алоқадорлигини ҳам билиб оладилар. Бундан ташқари, аппарат Альцгеймер ва Паркинсон хасталиги ташҳисини ҳам осонлаштиради.
Товушдан тез учадиган дрон илк парвозини амалга оширди
Инқилобий, дея таъриф берилаётган, соатига 1 100 километр тезликда уча оладиган янги дронга келажакда гипер товушли самолётга ўрнатиш режалаштирилган “Venus Aerospace” двигатели ўрнатилди, деб ёзди “New Atlas” нашри.
Товушдан тез парвоз қиладиган дрон яратиш ғояси янгилик эмас. Ўтган аср 50-йиллари бошида АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари ҳаво мудофааси, разведка тизимида фойдаланиладиган қурол сифатида шундай самолётларни синовдан ўтказган. Бундай қурилма сўнгги 75 йилда тезликни 1 Мах даражасига етказиш учун реактив двигатель сифатида ишлатилди. Сўнгги пайт авионика, аэродинамика ва автоном тизимда эришилган ютуқлар туфайли вазифа доираси кенгайса-да, барибир, дронлар асосини ҳамон реактив двигател ташкил этади.
“Venus” кўп марта фойдаланиладиган, йўловчиларни соатига 11 000 километр тезлик билан манзилига элтадиган гипер товушли коинот самолёти яратишни режалаштирмоқда. Учоқ 51 километр баландликка осон ва мулойим кўтарилиши, сўнгра гипер товуш тезлигига ўтиши лозим. Шунда Сан-Францискодан Токиога бориш учун бир соат кифоя.
Табиийки, бу узоқ истиқбол. Ҳозирча компания мудофаа соҳаси билан боғлиқ турли мақсадларда “RDRE” двигателини яратиш билан шуғулланмоқда.
Интернет материаллари асосида
Саидмурод Раҳимов тайёрлади.
ЎзА