Фан олимпиадаси ғолиблари тақдирланди
Навбаҳор тумани Халқ таълими бўлими томонидан тизимда ўтказилган фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллаб республика босқичига йўлланма олган ўқувчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда мактаб директорлари, ғолиб ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Жорий йилда ўтказилган фан олимпиадаларининг вилоят босқичида 11 нафар ўқувчи 1-ўринни эгаллаб, сўнгги босқичга йўлланмани қўлга киритган.
– Мен 5-синфдан буён туман ва вилоятимизда ўтказиладиган фан олимпиадаларида иштирок этиб келаман, – дейди 14-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Райҳона Ибрагимова. – Бу йил мен биология фанидан 1-ўринни қўлга киритдим. Шунингдек, ҳозирда халқаро олимпиадада иштирок этиш учун ҳам тайёргарлик кўраяпман. Келгусида моҳир шифокор бўлиш ниятида устозларимдан бошланғич билим сирларини ўрганмоқдаман.
Тадбирда ўқувчиларга ташкилотчиларнинг “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.
Абдували Бўриев, ЎзА