Фаластиннинг янги ҳукумати қасамёд қилди
WAFA ахборот агентлиги хабар қилишича, Фаластин Бош вазири этиб тайинланган Муҳаммад Мустафо 31 март куни қасамёд қабул қилди. Президент Маҳмуд Aббос янги ҳукумат ишғол остидаги Шарқий Қуддус, Ғарбий Соҳил ва қамалдаги Ғазо секторида тўлиқ ҳокимиятга эга эканини айтди.
Вазирлар Маҳкамасининг биринчи йиғилишига раислик қилган Президент ўз вазифасини қонун доирасида амалга ошириш учун барча ваколатга эга янги ҳукумат кенг кўламли институционал ислоҳот ўтказиш, барча фаластинликларга сифатли хизмат кўрсатиш ниятида эканини таъкидлади.
– Биз имкон даражасида Ғазога гуманитар ёрдам кўрсатиш, сектор ва Ғарбий Соҳилни қайта тиклаш, Фаластин иқтисодиётини жонлантиришга ҳаракат қиламиз, деди Аббос. – Сиёсий мақсадимиз озодлик, мустақилликка эришиш ва ишғолдан халос бўлиш. Шу билан бирга Фаластин давлатини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзосига айлантириш учун тегишли араб ва хорижий томонлар билан ҳамкорлик қиламиз.
Маъмурият Фаластин ҳудудларини бирлаштириш ва миллий ярашувга эришиш йўлидаги фаолиятни давом эттиришини айтиб, янги ҳукумат барча ҳудудлар, хусусан босиб олинган Шарқий Қуддусда умумий ва президентлик сайловини ташкил этишга тайёргарлик кўришини таъкидлади.
2021 йил Фаластинда умумий сайлов ўтказилиши эълон қилинган эди. Афсуски, Исроил рухсат бермагани учун Шарқий Қуддусдаги тадбир бекор қилинди. Ҳудудда умумий сайлов охирги марта 2006 йил ўтказилган.