Факторинг хизматлари бўйича эришилган натижалар
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар орасида банк тизими ислоҳотлари, хусусан факторинг хизматларини ривожлантириш бу борадаги муҳим вазифалардан бири бўлиб келмоқда.
Таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг 2024 йил 12 августдаги ПФ-109-сон Фармони билан факторинг хизматларини жадал ривожлантиришга кенг йўл очилди. Мамлакатимиз банк тизимида нисбатан янги маҳсулот – факторинг хизматларини янада оммалаштириш борасида давлат томонидан амалга оширилаётган бу каби қўллаб-қувватлаш ва яратилаётган имкониятлар натижасида мазкур йўналиш жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, “korzinka.uz”, “OXYmed”, “Sofizar”, “Cola-cola”, “Promeat”, “Artel” ва бошқа бир нечта шу каби мамлакатимизда кўзга кўринган брендлар билан факторинг операциялари амалга оширилмоқда. Бу орқали юқоридаги корхоналарда бугунги кунда 17 минг нафардан зиёд аҳоли мунтазам иш билан таъминланган ҳамда халқимиз эҳтиёжи учун сифатли озиқ-овқат, дори-дармон, заргарлик, маиший техника ҳамда бошқа буюмлар узлуксизлигини таъминлашга эришилмоқда.
Бугунги кунда молиявий агентлар орасида мазкур йўналишда хизмат кўрсатиш сифати ва ҳажми жиҳатидан Ўзмиллийбанк етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Рақамларга мурожаат қилсак, бугунги кунда иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритувчи банк мижозлари ҳисобланган корхоналарга факторинг хизматлари кўрсатиб келинмоқда. 2024 йилда 31 та (шундан 11 та харидор ва 20 та сотувчи) корхона факторинг хизматидан фойдаланган бўлса, 2025 йилнинг ўтган даврида мазкур кўрсаткич 3 баробарга кўпайиб, 90 та (шундан 33 та харидор ва 57 та сотувчи)га етди:
Факторинг хизматлари жорий қилингандан бошлаб бугунги кунга қадар юқоридаги корхоналар билан жами 1,02 трлн. сўмлик 1 000 тага яқин, жумладан 2025 йилнинг 10 ойи давомида 664,4 млрд. сўмлик 627 та факторинг операциялари амалга оширилди.
Юқоридаги рақамлардан кўриш мумкинки, 2025 йилнинг ўтган даврида факторинг хизматлари кўрсатиш ҳажми 2024 йилга нисбатан юқори ўсиш суръатига эга. Хусусан, амалга оширилган факторинг операциялари сони 323 тага ёки 2баробарга ортган бўлса, жорий йилнинг 10 ойи давомида 2024 йилга нисбатан 352,7 млрд сўм ёки 213%га кўп молиялаштириш амалга оширилган.
Ўзмиллийбанкнинг факторинг хизматлари портфели етарлича диверсификациялашган ҳисобланади. Масалан, 2025 йил давомида амалга оширилган факторинг операциялари корхоналарнинг иқтисодий фаолият йўналишлари бўйича қуйидагича кўринишга эга:
Бундан ташқари, Ўзмиллийбанк мамлакат факторинг хизматлари бозорида ҳам ўзининг салмоқли улушига эга бўлиб,
2025 йилда республика банк тизимида кўрсатилган жами 6,2 трлн. сўмлик факторинг хизматларининг 11% қисми Ўзмиллийбанк улушига тўғри келмоқда.
Ўзмиллийбанк томонидан мижозларга мазкур йўналишда яратилган имкониятлардан яна бири – Республикада биринчилардан бўлиб электрон платформа орқали факторинг хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилганлигидир. Қиёслаш учун, 2024 йилда амалга оширилган факторинг операцияларининг атиги 30% қисми электрон платформа орқали кўрсатилган бўлса, 2025 йилнинг ўтган 10 ойида мазкур кўрсаткич 91%ни ташкл этмоқда.
Ўз навбатида, ҳудудларда факторинг хизматларини оммалаштириш, мижозларнинг мазкур йўналишдаги молиявий саводхонликларини ошириш мақсадида барча вилоятларда улар билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.
Бугунги кунга келиб, юқорида келтирилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, факторинг хизматлари кўрсатиш орқали маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва сотувчи корхоналарнинг айланма маблағларга бўлган эҳтиёжлари қондирилиши натижасида уларнинг сотув ва пул айланмалари ҳажми сезиларли даражада ошишига, маҳсулот ва хизматларни мунтазам равишда олдиндан тўлов шарти билан харид қилиб келган харидорлар учун анча қулай шароит – кечиктирилган тўлов шартидан фойдаланиш имкониятини яратишга эришилмоқда.
Ўзмиллийбанк томонидан кичик, ўрта ва йирик бизнес корхоналари орасида факторинг хизматлари бўйича мунтазам учрашувлар, ўқув-семинарлар ва бошқа тарғибот ишларини олиб бориш орқали улар орасида факторинг хизматларини янада оммалаштириш режалаштирилган.
Реклама ҳуқуқи асосида
“Ўзмиллийбанк”АЖ
Матбуот хизмати