Пойтахтимиздаги “Хамар” санъат галереясида ҳаваскор рассом Гулноз Эшназарова ижодига бағишланган кўргазма бўлиб ўтмоқда.
Гулноз Эшназарова 1979 йилда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида таваллуд топган. У болаликдан тасвирий санъатга ошно бўлса-да, маҳоратли психолог сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Нуқсонли болалар билан ишлаб, уларнинг қўл моторикасини яхшилаш учун махсус ижодий клуб ташкил этган. Гулноз Эшназарова кўп йиллардан буён ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга тасвирий санъат сирларини ўргатиб келмоқда. Ўзи мустақил тарзда ижодий устахона ташкил этган бўлиб, барча болаларнинг инклюзив тарзда тасвирий санъат сирларини ўрганиши учун астойдил ҳаракат қилмоқда.

– Мазкур кўргазма экспозициясини Аҳмад Лутфий Қозончининг “Саодат асри қиссалари” асаридан руҳланган ҳолда тайёрладик, – деди Гулноз Эшназарова. – Айни пайтда кўргазмадаги асарларни тақдим этишда миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштиришга, бу дунё мудом яхшилик деб аталган устунга асосланишини бадиий асарлар орқали кўрсатишга алоҳида эътибор қаратдик.

Кўргазмага қўйилган асарлар тери, мато, ёғоч каби материалларга ишлангани, тасвирий санъатнинг турли йўналишларини қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, “Йўловчи”, “Баҳор ва куз”, “Кўл”, “Уммон”, “Анор” каби картиналари ўзига хос ижодий ёндашуви, теран фалсафий маъноси билан кўпчиликка манзур бўлмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА