Эзгулик йўлида бирлашайлик
Коронавирус пандемияси дунё мамлакатлари қаторида жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади.
Коронавирус пандемияси дунё мамлакатлари қаторида жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Юртимизда касаллик билан боғлиқ ҳолатнинг аниқланиши барчамизни хавотирга тушмасдан, янада огоҳ бўлиш, белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш, оғир дамларда бир-биримизга елкадош, меҳр-мурувватли бўлишга чорлади. Негаки, халқимиз қадимдан бошига ташвиш тушган паллада борини юртдошлари билан баҳам кўрадиган, оғир пайтларда улардан меҳр-мурувватини аямайдиган, ҳамиша элга суянч бўладиган саховатли инсонлардир.
Маълумки, ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик ва саховатпешалик – халқимизга хос улуғ қадрият. Аҳоли, айниқса, ёшлар ҳаётида ушбу олижаноб фазилатларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Бу бардавом эзгу амаллар коронавирус пандемиясига қарши ҳамкорликда кураш ҳамда унинг олдини олишда янада кўпроқ намоён бўлаяпти.
Комбинат ёшлари юртимизда кечаётган синовли кунларда хайрли ташаббус билан чиқди. Ижтимоий тармоқлар орқали комбинат жамоасига мурожаат қилиб, халқимиз бошига оғир синов тушиб турган паллада янада жипслашишга, ихтиёрий равишда “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондини моддий қўллаб-қувватлашга чорлади. Бу эзгу таклиф комбинат жамоасини бефарқ қолдирмади, ташаббус тўла маъқулланди.
– Муҳтарам Юртбошимизнинг жорий йил 18 мартдаги коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга мурожаати биз ёшларни ҳушёрлик ва ҳамжиҳатликка даъват этди. Албатта, бундай синовли паллада ташаббускор бўлиш муқаддас бурчимиздир. Мурожаатимизни кўпминг кишилик жамоамиз якдил қўллаб-қувватлаганидан хурсандмиз, – дейди НКМК ёшлар етакчилари Кенгаши раиси Санжар Раджабов.
Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси республикамиз миқёсидаги барча ижтимоий ҳаракатлар, хайрли ишларда фаол иштирок этиб келган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
НКМК бош директорининг матбуот котиби.