Эзгулик ва тинчлик тимсоли
Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган давлат рамзлари — байроқ, герб ва мадҳияга эгамиз. Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Aммо дунёда бирор рамз ёки тимсол давлатни, миллатни жаҳонга Давлат байроғидек танита олмайди.
Президентимиз Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Давлат байроғи халқнинг шон-шарафи, ғурури. Байроқни қадрлаш, эъзозлаш ўз мамлакатига ва шахсан ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш демакдир”.
Ўзбекистон Республикаси байроғи барчамизнинг ғуруримиз ва фахримиздир. Давлат рамзларини ҳурмат қилмай туриб, биз ўз халқимизнинг миллат сифатидаги ўрнини, Ўзбекистоннинг бутун жаҳон мамлакатларидан бири, тенглар ичра тенг эканлигини идрок қила олмаймиз.
Байроқ – бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир. У ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Aзалдан ўзини таниган ҳар бир халқ учун мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам дунё мамлакатларидаги кўплаб элчихоналаримиз, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида байроғимиз Ўзбекистон рамзи бўлиб ҳилпираяпти.
Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчиларимизнинг ютуқлари эса албатта, қалбимизга ғурур бағишлайди. Байроғимиз бизни фидойиликка, ватанпарварликка, янги марраларга чорлайди.
Ҳилпираётган байроғимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-ободлик, миллатлараро тотувлик, қут-барака, биз эришаётган бемисл ютуқлар ва келажакка бўлган мустаҳкам ишонч рамзи сифатида қалбимизга ифтихор бағишлайди.
Қонунда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шахслар байроғимизни ҳурмат қилишлари шарт. Зеро, унда руҳиятимиз, ғурур ва ифтихоримиз, Ватанимиз ва халқимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатимиз, келажакка ишончимиз мужассамдир.
Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаро қалбига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллийлик тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Юртимиз фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!
Озода AКБAРОВA,
ЎзДЖТСУ Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси
масъул ходими