“Эзгулик манзили” ҳудуд кезмоқда
Болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат ҳимоясида.
Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳам ана шу мақсадда ташкил этилган.
Фонд вакиллари эҳтиёжманд, кам таъминланган, оғир шароитга тушган оилалардаги бемор болаларга консультатив ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Эзгулик манзили” хайрия акциясини ўтказмоқда.
Фонд жамоаси ана шу акция доирасида Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг тажрибали мутахассислари билан Бухоро вилоятига етиб борди. Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ташкил этилган мазкур акциядан кўзланган мақсад жамғарманинг тиббий дастурларига асосан оғир ташхисли бемор болаларни даволаш, бепул дори-дармон воситалари билан таъминлаш, улар саломатлигини мунтазам тиклаб бориш, жарроҳлик амалиётига зарурат бўлганда мураккаб амалиётлар ўтказишдан иборат.

Акцияда 200 дан ортиқ бемор болалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Уларга юқори малакали мутахассислар пластик хирургия, ортопедия, травматология, офтальмология, отоларингология, кардиохирургия йўналишлари бўйича чуқурлаштирилган тиббий текширув ва маслаҳатлар берилди.
Шифокорларнинг тавсия ва хулосалари асосида айрим болаларга шу ернинг ўзида операция амалиётлари ўтказиладиган бўлди. Қолган болаларда эса бу жараёнлар босқичма-босқич амалга оширилади. Табиийки, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналари эса бу мурувват ёрдамидан мамнун.
Қайд этиш керакки, Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан бу каби акциялар республикамиз бўйлаб мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида юртимизнинг кўпгина ҳудудларидан тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож болажонларга хайрия ёрдамлари, операция харажатлари тўлиқ қоплаб берилди. Мазкур акция доирасида ҳам Жамоат фонди томонидан нафақат болаларни операция қилиш, балки уларни соғломлаштириш, зарур дори воситалари билан таъминлаш каби харажатлар тўлиқ қоплаб берилмоқда.

Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан нафақат юртимиз, балки хорижий клиникалар билан ҳам ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Бу келишув доирасида ҳам қатор ижтимоий-тиббий лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Албатта, бу каби ижтимоий акцияларнинг доимий равишда ўтказилаётганлиги бемор болажонларни тўлиқ даволаш, уларни тенгдошлари каби соғлом ҳаётга қайтариш йўлидаги эзгу амаллардан бири ҳисобланади.
Акция 21 майга қадар давом этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА