ЭЗГУЛИК ИЗЛАБ...
Китобингизни ўқидим
“Адиблар”, “Китоб ўқиш одоби”, “Қўлёзмадан китобгача” нашрлари муаллифи Даврон Улуғмуроднинг“Кунботишдаги уй” китобини қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Бу нашрдан бир қисса, шунингдек, ҳикоя, пьеса, эссе ва таржималар ўрин олган.Китобга таниқли адабиётшунос, филология фанлари доктори, профессор Узоқ Жўрақулов “Самимият сирлари” сарлавҳали сўзбоши ёзган.
Ёзувчи китобини аммаси Қизларжон Улуғмурод қизи, отаси Жумабой Улуғмурод ўғли ҳамда онаси Норой Бердимурод қизи хотираларига бағишлаган. Бу бежиз эмас.
Тўпламдаги илк асар – “Онам ташлаб кетган кун”деб номланган хотираларини кўзда ёш билан ўқидим.Онасидан айрилганидан кейин уни қаттиқ қўмсаётган ўғилнинг юрак дардлари изҳор этилган. Ёзувчи онасининг жанозаси маҳали “Аллоҳу акбар” айтилган пайтда оппоқ капалак олд сафни чарх айланиб, кўздан ғойиб бўлгани ҳақида: “Шу капалак ҳам онажонимни сўнгги йўлга кузатгани келгандек эди гўё”, – деб ёзади.
Капалак мисолидаги бундай воқеага онамдан айрилган куним камина ҳам дуч келганим эсимга тушди ва кўзларимда соғинч кўз ёшлари шашқатор бўлди.
“Мен – ғофил ўғил”сарлавҳали хотирасида онасининг руҳига Қуръон тиловат қилишни бир оз камайтиргани ва эрталаб бомдод намозини ўқишга киришган пайтида яна ўша оппоқ капалак учиб келиб, чарх айланиб, кўздан ғойиб бўлгани қаламга олгани кишига таъсир этади. “Бу капалак менга онамни эслатгани келгандек эди”, – деб ёзган.
Ҳар қандай банда учун онадан айрилиш – оғир. Бу ғамни енгиш осон эмас. Ана шундай пайтда инсон онани ҳар томондан излай бошлайди. Оппоқ капалак асар қаҳрамони қалбига далда бергандай бўлади.
Ота-она ўтгандан кейин ҳам фарзанднинг улар олдидаги бурчлари бўлар экан. Шулардан бири дуо орқали улар руҳини шод этиш. Ёзувчи буни барча китобхонга уқтирган бўлади.
“Мен – ғофил ўғил” хотирасида қаҳрамон онаси томонидан “Қўзижон” номи билан тилга олинади. У онасини йўқотганини тасвирлаш орқали фарзандлик қарздорлиги, пушаймонлигини англайсиз.
Қўзижон ижарада яшаб юрган кезларида онаси Тошкентга келади. Она-ўғил метрога тушишади.Қаршида ўтирган ёши каттароқ икки киши ўзаро пичирлашиб, бир ўғил, бир онага қарашади Ўзи иссиққина кийиниб олиб, онасининг усти юпунлиги, оёғидаги калиш ҳам унчалик эмас эди. Муаллиф:“Онам: йўлда анави икки одам сен ҳақингда пичир-пичир гаплашишди, нима дейишди, билмадим”, - деди. Аслида онам уларнинг нима деганини аниқ эшитмаса ҳам, жуда яхши тушунган эди. Мени аяб яна болам хижолат бўлиб қолмасин, деб, у ёғига ўтмади– деб ёзади (Б.11). Ана шу жойда ёзувчи ҳамма оналарга хос фазилат – фарзандини аяшни дард ила қаламга олган.
Қўзижон ҳам ҳаммасини тушунади, албатта. Бозорга бориб, онасига нималардир олиб беради.
Муаллиф онаси қишлоқдошларига ўғлининг бу ҳимматини мақтаб ўтган шу она энди йўқлигиизтиробини ўқиган китобхонқаламкашнинг ички изтиробларига шерик бўлиши – тайин.
“Мен – ғофил ўғил” инсонларни онаси олдида масъулиятли, эътиборли бўлишга ундайди.
Инсон ёши ўтгани сайин болалигини соғиниб яшайверади. Тўпламдаги ягона қисса – “Кунботишдаги уй” билан танишсангиз, бунга яна бир бор амин бўласиз. Қўзижон тимсоли (образи) бу қиссага ҳам бош қаҳрамон бўлиб ўтади. Ўқувчи сезиб турадики, бунинг прототипи – муаллифнинг ўзи. Демак, асардаги ота, она, амма ҳам – муаллифнинг отаси, онаси, аммаси. Демак, воқеалар аксарияти – воқеий. Ҳар ҳолда, асарни бемалол “автобиографик қисса” деб ҳисоблаш мумкин.
Қиссаалоҳида-алоҳида сарлавҳачалар билан ажратилган фасллардан ташкил топган. Бу ўқишни осонлаштиради. Сарлавҳачалар адиб ғоясини етказишга кўмак беради.Қисса равон, содда ва самимий ёзилган. Шунинг учун ҳам воқеаларни англаб, мағзини чақиб олиш қийинчилик туғдирмайди. Унда китобхон ўзини гўё болаликнинг шўх, қувноқ кўчаларига кириб қолгандек, баъзан эса ёзувчининг бир умрга хотирасига муҳрланган кемтик, оғриқли саргузатларига шерик бўлгандек ҳис этади.
Бу асардамашҳур болалар адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевижодига хос жиҳатларни кўрамиз. Кейин билсак, у киши Даврон Улуғмуроднинг бевосита устози бўлган эканлар.
Қиссаўқувчиниэзгулликка бошлайди. Бугунги маънавий таҳдидларнинг бой қадриятларимизга салбий таъсири туфайли ота-она ва фарзандлар,ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғ ўртасидаги меҳр-оқибаткамайиб бораётганглобаллашув замонида бу асарнинг дунёга келиши – айни муддао бўлган.
Асарда ота-она, амаки, амма, ака, опа, ука, почча, қўшни, устоз ва бошқалар ҳақидаги хотираларнинг бари китобхонникунботишдаги уй томон олиб боради. Бу йўл эзгулик ва ёвузликнинг ўзаро кураши орқали кечади. Умумий ҳисобда охир-оқибат эзгулик ғолиб келаверади.
Ҳаёт – сир-синоатга бой. Асардаги “ажинатом” деган уй билан боғлиқ тасвирлар ҳам шундай ажойиботу ғаройиботлардан ҳисобланади. Бу уй ёнидан ўтаётганда кичиклар тугул, катталар ҳам қўрқишган. Бир гал болалар ажинатом олдида ўйинга берилиб, уйга кетишни эсдан чиқаришади. Шунда ажинатомдан қизил, сариқ, яшил куррачалар чиқиб келишади. Ҳолбуки, ҳаётда бундай рангдаги хўтиклар асло учрамайди.
Ёзувчи шу жойда китобхонга:“Сиз шундай рангдор эшак боласини учратганмисиз?” –савол беради.“Йўқ, албатта” деган жавобни ҳам келтиради.
Ёзувчининг бу тасвирлари Навоий вилоятининг Кармана туманидаги “Уч тут” зиёратгоҳида гувоҳи бўлганим бир воқеани эсимга туширди. Республика Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилояти бўлими собиқ раҳбари раҳматли Фурқат Йўлдошев бошчилигида тарғибот гуруҳи аъзолари бу қадимги уч тутни кўришга бордик. Бир маҳал кутилмаганда тутлардан бирининг катта бир шохи синиб, нақд ёнимизга тушди. Хайрият, ҳеч ким зиён кўрмади. Не кўз билан кўрайликки, синган тана атрофида тўқ жигарранг, қора, осмонранг, оқ, сариқ рангдаги улоқчалар пайдо бўлди. Осмондан тушдими, ердан чиқдими – ҳеч ким билмайди. Ҳаётда ҳеч биримиз бунақа ғалати-ғалати рангдаги эчки болаларини кўрмаганмиз. Энг қизиғи, улар бир пасда йўқолибҳам қолишди. Қаёққа ғойиб бўлишганини ҳам ҳеч биримиз англаб ололмадик. Ҳамма ичида калима қайтаришга тушди, албатта. Кейин дуойи фотиҳа қилиб, зиёратдан қайтдик.
Ёзувчининг хотирасида муҳрланиб қолган “Ажинатом”дан таъсирланиб, менга ўхшаб сир-синоатга бой масканларимиз билан боғлиқ яна қанча воқеаларини қаламга оладиганлар топилиб қолиши – аниқ.
Қиссанинг“Мени мактабга олишмагани” фаслида тасвирланишича, Қўзижоннинг мактабга интилишлари, завқларини ҳар гал Соатмурод муаллим қайтарган – уни синфга киритмаган.Бу китобхондаСоатмуродмуаллимга нисбатанқаттиқ нафрат пайдо қилиши – турган гап. Бироқ воқеа давомини ўқиганингиздан кейин масала ойдинлашади-қолади.
Қўзижоннинг Қизларжондеган аммаси бор. У Мавлудадеган қизидан жудо бўлганидан кейин Худо уларга бошқа фарзанд бермайди. Отаси Қўзижонни аммасиникида яшаб, ўқишига кўниши учун Соатмурод муаллим билан келишиб, уни мактабга қабул қилмаслигини тайинлаган экан. Яъни мактаб можаросининг замирида боласизликдан ҳаётидан ҳаловат тополмаётган аммасига Қўзижонниўғил қилиб бериш сири бор эди. Бунда нураб бораётган оилани сақлаб қолиш, эру хотинни тушкун муҳитдан чалғитиш назарда тутилган эди.
Қўзижон аммасининг қишлоғидаги мактабга боришини эшитиб, чеҳраси ёришиб кетади.Отаси опасининг муаммоларини, ноиложлигини норасида ўғлига айтиб ўтирмайди. Ўғлининг мактаб ёшида ота-она уйини тарк этишини билдириб, беғубор қалбига озор беришни ҳам истамайди. Ёзувчи опа-ука ўртасидаги меҳр-муҳаббат, инсонийлик, оқибат фазилатларининг ана шундай бадиий ифодасини қаламга олган. Қўзижон отасининг Соатмурод муаллим билан тил бириктирганини ота-онасининг ўзаро гаплашганлари маҳалиуларга сезидирмасдан секингина билиб олади.
Ҳар қандай китобхон ёзувчининг бу тасвирлари билан танишар экан, оқибат опа-укалар ўртасидаги муносабатларни сақлаш учун муҳим восита эканини тушунади.
Қиссанинг “Кунботишдаги уй” деб номланиши орқали китобхон ёшгина боланинг ота-она бағрини тарк этиши, кун ботар томонда жойлашган уйини, ота-онаси, ака-укалари соғинчи изтиробларини англайди ва унга шерик бўлади.
Қиссанинг “Аммамларникида” фаслида қаҳрамон ўз уйида, яъни ота-онаси бағрида шодон юрган кезлари, эркин, яйраб ўйнашларини эслаб, ўкинади. Ўзига ўзи: “Ота-онам мени асараб олишганмикан? Ўгаймикинман?” – деган саволлар беради ҳам.
“Ажрашиш” фаслида ёзувчишом тасвири орқали уй соғинчини таъсирчан тасвирлайди. Қўйхонанинг баланд деворига чиқиб олиб, уйи томон ўкинч билан боққан болакайнинг аммасининг ҳар кун жанжал бўладиган уйига киргиси йўқ.
Қуёшнинг ботишини кузатган болакайнинг кўзларидан ёш шашқатор оқади. Адашмасам, бу кўпларга хос туйғу бўлса керак. Болалигимда кун ботаётган маҳали менинг ҳамкайфиятимда тушкунлик, ғамгинлик бошланар эди.
Қоронғу тушгач, уйга кирса, амма жиянига: “Отангларникига борамиз”, – дейди. Болакай аввалига: “Уйимга кетгим келаётганини аммам қандай англадиларэкан?” –дея қувониб кетади. Уйига бориш олдидан қанд-қурс солиб, тайёрланадиган амма бугун Мавлуда қизининг деворда осиғлиқ сурати ва ҳали яп-янги пальтосини тугиши – таъсирли бир ифода. Чунки у бу гал эрининг уйидан бутунлай кетаётганини болакай кейин англайди.
Қиссанинг“Ажралиш” фаслида аммасига фарзанд қилиб берилган болакайнинг унинг дардига шерик бўлиб, изтиробларда қолгани, ички дунёсида кечган туйғулари зўр бадиий бўёқлар билаан қаламга олинган.Эҳтимол, аммасининг аламли ҳасрату ғамлари хотирасига бир умрга муҳрлангани учун ҳам бугун шу асар яралгандир. Чунки юрагида чинакам бир дарди бўлмаса, киши ҳақиқий ижодкорга айлана олмайди.
Қиссанинг “Мен ишчиман– гўнг ташувчи”, “Тушлик”, “Хат”, “Костюм-шим киймоқчи бўлганим”, “Қайтиш”, “Кўникиш” фаслларида отасининг айбсиз ҳолда тўрт йилга қамалган туфайли бир бутун оиланинг қийинчиларга учрагани реал ҳаётий воқеалар тасвирланган. Уларда Қалқон, Қосим исмли номард, инсофсиз кишиларнинг қилмишлари китобхонда нафрат уйғотади.
Ёзувчи кўп-кўп янги сўзлар қўллайди. Асарда ўзим учун нотаниш бўлган “урак”, “вардиш”, “қонжалоқ”, “совоқ” ва яна бир қанча сўзлар маъносини билиб олдим.
“Қоракўз” ҳикоясининг бош қаҳрамони – чумоли. Гап шундаки, бир фарзандсиз оиланинг Бахт исмли асранди қизи бор. Лекин қиз асрандилигини билмайди. Бир куни мактабда болалар уни камситиб, шуни юзига солишади. Шундан фожиа бошланади. Қизча ҳар куни мактабдан қайтаётганида муюлишда сочлари ўзиникидек тилларанг, кўзлари чиройли, аммо маъюс боқадиган аёл кутиб туришининг сирини ҳам билгандек бўлади.
Қизча дардларини шу уйдаги чумолига айтади. Унга ўзича “Қоракўз” деб лақаб қўйиб олган. Чумоли мисолида муаллиф ҳаётий кузатишларини тасвирлайди. Чумоли – беозор ҳашорат. У ризқиниуй эгаларига зиён келтирмайдиган йўл билан теради. Қоп-қоп дон-дун келтирилганда ҳам, қопдан ерга тушган ва ковакларда тўкилган донларнигина йиғиб, қиш ғамини ейди. Воқеалар бошдан-охир ана шу чумоли тилидан баён этилади.
Ёзувчи чумоли тимсолида инсонларни ҳалол ризқ топиб яшашга ундайди, десам, хато бўлмас.
Бир куни эрта саҳарда чумоли ҳовлидаги ғала-ғовуру йиғи-сиғидан уйғониб кетади. Бу ёғини асарнинг ўзидан ўқийлик: “Одатда сокин бўладиган ҳовлида одам гавжум. Айвоннинг бир тарафида бошига оқ ўраган аёллар, пастроқда тўн кийиб, белбоғ боғлаган дўппили таниш-нотаниш кишилар. Дарвозадан икки-уч нафар одамнинг қораси кўриниши билан тўпланганлар уввос солиб, йиғлашни бошлашади. Кимдир чинакам куюниб, кимдир ёлғондакам дод солади. Хонадон эгаларининг эса йиғлашга ҳам ҳоли йўқ. Иккалови бир-бирига суянганча ёнма-ён қўйилган икки стулда мунғайибгина ўтиришибди. Мен ҳам эсанкираб қолдим. Бахтнинг гапларини эсладим, бир фалокат бўлганга ўхшайди. Юрагим ортга тортиб кетди. Умид билан у ёнга югурдим, бу ёнга югурдим. Лекин Бахтни ҳеч қаердан тополмадим. Шу пайт дарвозадан сариқ сочлари ёйилган, мовий кўзли аёл фарёд солиб кириб кела бошлади. “Вой болажоним, нималар қилиб қўйдинг-а. Жон болам-а”. Бу овозга ҳовлида тўпланган ёшу қари, эркагу аёл қўшилди. “Жон болама-а, вой болам-м-. У-в-в-в-в...” (Б. 55-56).
Шу ерга келганда ўқувчининг тарвузи қўлтиғидан тушиб кетади.
Лекин... бу Қоракўзнинг туши экан. Беихтиёр:“Хайрият!..” – деб юборасан, киши.
Энг муҳими, Даврон Улуғмурод асарларининг қаҳрамонлари оддий қишлоқ одамлари, воқеалардаги табиийлик ва ифодадаги самимийлик ҳам – шундан. Вояга етгани ана шу муҳит муаллифни қўлига қалам тутишга ундаган бўлса, ажаб эмас.Бу адибимиздан янги-янги асарлар кутиб қоламиз.
Зиёда ҒАФФОРОВА,
Тошкент амалий фанлар университети доценти, “Шуҳрат” медали соҳибаси.