Эзгу ният, ёруғ орзулар ижобати
Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августда қабул қилинган “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бунёдкорлик ишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
...Ташқарида ёмғир эзиб ёғаяпти. Қишлоқнинг пастак, лойсувоқ уйлари, гувала деворлари намгарчиликдан эриб, ҳозир босиб тушгудай. Нимқоронғи хонада териб қўйилган коса, жом, тоғора каби идишларга шифтдан тинмай чакка томиб турибди.Бу ўттиз-қирқ йил олдинги қишлоқ уйларидаги манзара.
Хотирамда ўрнашиб қолган бу кўриниш қишлоғимиз аҳли учун одатий ҳол эди.
Бугун истиқлол шарофати билан ободликда шаҳарлар билан бўйлашаётган қишлоқлар жамоли у дилгир хотираларни ортда қолдирди. Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган замонавий уй-жойлар, аҳоли онгу тафаккуридаги ижобий ўзгаришларни кўриб қалбингиз ғурурга тўлади. Мустақиллик берган имконият, Президентимиз раҳнамолигида турмушимиз ободлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларидан юраклар ҳаприқади.
Буни Наманган вилояти қишлоқларида барпо этилаётган шундай уй-жойлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 3 августда қабул қилинган “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бунёдкорлик ишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур қарор асосида вилоятда 2009-2013 йилларда етмиш икки массивда 2 минг 402 намунавий уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.
– Бундай қулайликларга эга уйлар қишлоқ аҳлининг, айниқса, аёлларнинг эзгу орзуси эди, – дейди Тўрақўрғон тумани Янги Ахсикент даҳасида яшовчи Дилфуза Азизова. – Шаҳар уйларидаги каби шароит рўзғор юмушларини енгиллатиб, фарзандларимиз тарбиясига кўпроқ вақт ажратиш имконини бермоқда. Уйларнинг кредитга берилаётгани, тўлов муддати ўн беш йил қилиб белгилангани, тўлов ойлик маоши ҳисобидан амалга оширилса, даромад солиғидан озод этилиши каби имтиёзлар Юртбошимиз томонидан қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.
Янги қурилаётган массивларда замонавий инфратузилмани яхшилаш, қўшимча қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида мактаб, қишлоқ врачлик пункти, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ҳаммом, дорихона, гузар, бекат ва мини-банк каби юздан зиёд ижтимоий инфратузилма объекти қурилди. 120 километр ичимлик суви, 92 километр газ қувури, 65 километр электр тармоғи тортилиб, 68 километр ички йўллар барпо этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 15 ноябрда қабул қилинган "Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2014 йил дастури тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, жорий йилда вилоятда 777 замонавий уй-жой қурилиши режалаштирилган. Айни кунларда йигирма олти массивда бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар барпо этилаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ҳам ривожлантириш имконини бермоқда. Қурилиш ашёлари ва жиҳозлари маҳаллий корхона ва кичик бизнес субъектларида тайёрланаётгани қурувчиларга қўл келаётир. Арзон ва сифатли маҳсулотлар уй-жойларнинг мустаҳкамлиги ва таннархининг пасайишига хизмат қилмоқда. Хусусан, биноларни иситиш тизими учун мўлжалланган махсус қозонлар Наманган шаҳридаги “Мехмаш” очиқ акциядорлик жамиятида тайёрланаётган бўлса, сантехника жиҳозлари “Мусаффо полимер” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Янгиқўрғон туманидаги “Эталон” кўп тармоқли корхонаси ички ва ташқи коммуникация тизимида фойдаланиладиган полимер қувурлар етказиб бермоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига муносиб тўёна бўладиган бундай замонавий уйлар юртдошларимиз қалбида эзгу ният ва ёруғ орзулар уйғотиб, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.