Эзгу ишлар маҳалладан бошланади
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Жиззах вилоят бошқармасида “маҳалла еттилиги” вакиллари томонидан жорий йилнинг олти ойлик якунларига бағишланган йиғилиши бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Соатов, бошқарма бошлиғи ўринбосари Муса Анорбоев ва бошқалар Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонининг ижроси доирасида жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида шаҳар ва туманлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари “маҳалла еттилиги”нинг фаолиятига баҳо берилди.
Бугунги кунда Жиззах вилоятининг 309 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги мавжуд 269 минг 800 хонадон истиқомат қилувчи 362 минг 500 оилада 1 миллион 521 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.
[gallery-18599]
Аҳоли даромадини ошириш, молиявий қўллаб-қувватлаш йўналишида, йил бошида ишсизлар сони 43 минг 491 нафарни ташкил этган бўлса, йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда истиқомат қилувчи ва қайтиб келган мигрантлар билан қўшиб ҳисоблаганда 58 минг 196 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Тижорат банклари томонидан 15 минг 961 нафар фуқарога тадбиркорликни ривожлантириш учун 2 миллиард 110 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди, 635 нафар фуқарога 2 миллион 933 минг сўмлик субсидия маблағлари берилди, 3376 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.
Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 минг 118 нафар “оғир” тоифадаги ёш аниқланиб, раҳбарларга номма-ном бириктириб чиқилди. Бириктирилган масъуллар томонидан бугунги кунга қадар 2 минг 808 нафар ёш билан ўтказилган учрашувлар самарасида 721 нафар ёшнинг муаммолари аниқланиб, 387 нафарининг муаммоси ҳал этилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 222 та (71,8 фоиз) маҳалла жиноятчиликдан, 40 та маҳалла оилавий ажримдан ҳоли ҳудудга айланди. Аммо, айрим туман (шаҳар)ларда иш тўғри ташкил этилмаганлиги натижасида Уюшманинг бўлинмаларида ҳамда “еттилик” аъзоларининг ўзаро ҳамкорлиги талаб даражасида ташкил этилмаётганлигини кўрсатмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 майдаги “Темир дафтар” орқали ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидия маблағлари ажратиш бўйича янги тартиб жорий этилган бўлсада, бугунги кунга қадар барча туман (шаҳар) “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратишнинг аниқ таҳлиллари мавжуд эмас.
“Маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маҳалла фуқаролар йиғини олдида ҳисобот бериш тартиби тўғрисидаги тасдиқланган низомга кўра “маҳалла еттилиги” аъзолари маҳалла доирасида амалга оширган ишлари бўйича тегишли МФЙларда ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар ҳисобот беришлари белгиланган. Шундай бўлсада, Шароф Рашидов туманида 36 нафар ижтимоий ходим ҳисобот бермаган, Мирзачўл, Зафаробод туманларида “маҳалла еттилиги” ҳисобот беришни номига ўтказган.
Ўтган ярим йиллик давомида йўл қўйилган камчиликлар юзасидан мутасаддилар жиддий огоҳлантирилди ва бу камчилик ҳамда муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланиб, ижроси жиддий назоратга олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.