Япониянинг иқтисодиёт ва технология соҳаларига ихтисослашган етакчи нашрларидан бири – “Nikkei Xtech” Expo Osaka-2025 Жаҳон кўргазмасида очилган мамлакатимиз павильонига бағишланган махсус мақола эълон қилди.
Муаллиф ўқувчиларга Ўзбекистон айвонининг меъморий ва дизайн ечими, замонавий инсталляция кўмагида тақдим этилган 360° ўлчамли видео лавҳалар, айниқса “Билимлар боғи” номли махсус жамловчи лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берган. Шунингдек, Самарқанд шаҳри, хусусан машҳур “Мовий Самарқанд – Samarkand Blue” мозайкаси, миллий маданий мерос унсурлари инновацион ёндашув орқали кенг кўламда намоён бўлгани эътироф этилган.
Маҳаллий усталар ҳам қатнашган кўргазмани барпо этиш ва безаш жараёнида кун чиқар юртнинг юқори сифатли табиий материаллари ишлатилган.
750 квадрат/метр майдонни эгаллаган уч қаватли айвоннинг дизайни барқарор ривожланиш тамойилига мос равишда табиий ашёлар ва модулли қурилмадан самарали фойдаланилган ҳолда шакллантирилган. Учбурчак шакли Марказий Осиё халқларига хос анъанавий тумордан илҳом олиб танланган. Қурилишда табиий, қайта ишлатилиши мумкин бўлган ёғоч, лой ва ғишт қўлланган.
Бинонинг ташқи томони ўзбек каштаси, безаги ва диёримиз рамзини акс эттирадиган анъанавий нақш билан безатилган.
Қадим элимизнинг ўтмиши ва келажаги, кўп асрлик мероси ва маданияти уйғунлигидан сўзлайдиган павильон ташриф буюрувчиларга Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш йўлидаги уч устувор мақсади – сифатли таълим, ҳамёнбоп ва тоза энергия ҳамда саноатлаштириш, инновация ва инфратузилмага мувофиқ юртимизда юз бераётган ўзгаришларни намойиш қилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА