“Expo 2020 Dubai” – бир юз тўқсондан ортиқ давлат иштирок этаётган бутунжаҳон кўргазмаси.
Ушбу тадбирнинг ўтган йил 30 сентябрь куни бўлиб ўтган очилиш маросимида минглаб актёрлар, профессионаллар жамоаси 90 дақиқалик улкан томоша намойиш қилган эди.
Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида давом этаётган мазкур кўргазмага шу кунларда кунига 2,5-3 минг киши, дам олиш кунлари эса 5-6 минг киши ташриф буюрмоқда.
Коронавирус пандемияси жаҳондаги бошқа катта-кичик тадбирлар қатори мана шу нуфузли анжуманнинг ҳам ўз вақтида – 2020 йил ўтишига имкон бермади.
182 кун – 2022 йил 31 мартгача давом этиши белгиланган кўргазмада техника, фан, санъат соҳаларида эришилган ютуқлар, инновация ишланмалари намойиш этилмоқда.
Мана шундай кенг қамровли майдонда Ўзбекистон павильони учун 1 минг 739 квадрат метр жой ажратилган. Кўргазмада мамлакатимиз тараққиётининг тарихий марралари, хусусан, сўнгги йилларда эришилган ютуқларимиз, Ватанимизнинг келгусидаги ривожланиш стратегиялари ёрқин акс этган.
Юртимиз павильонига кирганлар ўзларини Ўзбекистонга келиб қолгандек ҳис қилаётганини эътироф этишмоқда.
– Аввало, Ўзбекистон павильонига ташриф буюрганимдан мамнунлигимни изҳор этмоқчиман, – дейди Абу Дабидаги тиббиёт жиҳозлари ишлаб чиқариш компанияси асосчиларидан бири Амийн Стали. – Таассуротим аъло. Мен махсус кўргазмани томоша қилиш чоғида инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари билан учрашдим. Биргаликда ўзаро ҳамкорликка оид истиқболли вазифаларни белгилаб олдик. Стартап лойиҳалар, янги ғоялар устида иш бошлаймиз. Сизда илм-фан, техникага алоҳида эътибор қаратилиши натижасида мутахассисларга кенг имконият яратилаётганига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Ўйлайманки, бу саъй-ҳаракатлар инновация соҳаси жадал тараққий этишида муҳим омил бўлади.
Мамлакатингизда инновацион салоҳият юқори. Зеро, Ўзбекистон Ал-Хоразмий, Беруний сингари мутафаккирлар юрти. Улар илм-фан, тарих, маданият йўналишида тарихда ўчмас из қолдирган. Шундай экан, ушбу ҳамкорликдан манфаатдормиз. Таъкидлаб ўтаман, Абу Даби ҳозирги кунда 50 дан ортиқ давлат билан қўшма инновацион лойиҳалар устида иш олиб боряпти. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида. Аслида, инновацион тараққиётнинг муҳим омили, ривожланиш концепцияси асоси айнан ҳамкорликда.
Йирик лойиҳаларни амалга ошириш йўлидаги интилишимиз изчиллик касб этса, имкониятларимиз кенгаяди ва келгусида, албатта, юқори натижаларга эришамиз.
Бугун Ўзбекистон Миллий павильонида иш бошлаган Инновацион ривожланиш вазирлиги кўргазмасининг очилиш маросимида вазир ўринбосари Шаҳло Турдиқулова сўзга чиқиб,
тақдим этилаётган барча экспонат, илмий ишланмалар ва маҳсулотлар мамлакатимиз илм-фани намояндалари меҳнати, олимларимиз эришган катта-кичик ютуқлар намунаси эканини таъкидлади.
Юртимизда сўнгги йилларда муомалага кирган стартап, технопарк, акселератор, венчур каби сўзларга ҳуқуқий мақом берилди. Мазкур атамалар аниқ шакл-шамойилга эга бўлди. Юртимизда инновацион экотизим яратишга киришилди.
Ҳозир дунё олимлари инсон ҳаётини муҳофаза қилиш, экология муаммосини бартараф этиш, иқтисодий бўҳронларнинг олдини олиш, рақамли технологияларни жорий этиш, сунъий интеллектни ривожлантиришдек муҳим ва долзарб масалалар билан шуғулланмоқда. Бизнинг мутахассисларимиз ҳам айни йўналишлар бўйича доимий изланишда эканини таъкидлаш ўринли.
Миллий павильонимизда бугун Марказий Осиё чегараларидан чиқиб улгурган муаммо – Орол денгизи қуриши оқибатида юзага келган қурғоқчилик, тупроқ шўрланиши, туз бўронининг олдини олишга қаратилган лойиҳа ҳам ўрин олган. Бу ғоя орқали дунё аҳлини қуриган Орол денгизи тубига кўчат экиш, саҳрога айланган минглаб километр майдонда боғ яратишга чақириш кўзда тутилган.
Коронавирус пандемияси барчани ҳамжиҳатликка ундагани сир эмас. Юртимиз олимлари ҳам мазкур балога қарши курашишга ҳисса қўшиб келмоқда. Айни жараёнда биз ҳам ўз тест тизимимиз, вакцинамиз ва даволаш усулларимизни яратдик. Кўргазмада ана шу йўналишда қилинган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилган.
Кўргазма доирасида бир ҳафта давомида ҳар куни «Яшнобод» инновацион технопарки резидентлари томонидан ишлаб чиқарилаётган ажойиб маҳсулотлар тақдимоти ҳам ўтказилади. Тупроқ остидан ва томчилатиб суғориш усули, доривор ўсимликлардан тайёрланган биологик фаол қўшимчалар, тиббиёт воситалари ва ускуналари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари шулар сирасига киради.
Шунингдек, павильонда ёшлар иқтидорини кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “TecnoWays” технологик марафони ўтказилиши ҳам кўзда тутилган. Тадбирда фаол иштирок этганлар махсус мукофотга сазовор бўлади.
Дастур бўйича халқаро ҳамкорлик асосида глобал муаммоларга ечим топиш мавзуси ҳам танланган.
Умуман, мана шундай йирик, нуфузли анжуманда иштирок этиш нафақат Ўзбекистонни дунёга янада кўпроқ танитиш, балки турли йўналишларда халқаро тажрибани ўрганиш, фикрдош ҳамкорлар топиш учун ажойиб имконият ҳам.
<iframe width="885" height="498" src="https://www.youtube.com/embed/4kzuUlN4hrk" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
ЎзА