Соҳибқирон Амир Темур ўзининг “Темур тузуклари” асарида давлат бошқарувининг устувор вазифалари, одилона сиёсатини ёритиб берган.

“Темур тузуклари”ни ўрганган кўплаб олимлар унинг таърифи сифатида Европа давлатларидан 500 йиллар олдин айнан Туркистонда конституциявий қонунлар тўплами асосида давлат бошқаруви амалга оширилган, деб таъкидлайди. Унинг илк нусхаси эски ўзбек тилида ёзилган. Амир Темур вафотидан сўнг, кейинги даврларда ҳукмдорлар моҳир котибларга “Темур тузуклари”дан ўзлари учун нусха кўчириб беришларини буюрган. Бундан ташқари, 1783 йил Англиянинг Оксфорд шаҳрида инглиз майорлари Уайт ва Деви томонидан “Темур тузуклари” инглиз тилига таржима қилинди. 1967 йилда эса асар илк бор Алихонтўра Соғуний томонидан ўзбек тилига таржима қилинади. Алоҳида китоб шаклида эса 1991 йилда нашрдан чиқарилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Темур тузуклари”ни ҳар таъкидлаганида Амир Темурнинг “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади!” сўзларини келтиради.
Икки қисмдан иборат “Темур тузуклари” асари “Тузуки Темур”, “Тузукоти Темур” номлари билан ҳам аталган. Бу 56 та банддан иборат тарихий ва ҳуқуқий асар ҳисобланилади. Асарнинг биринчи қисмида Соҳибқирон ҳаёти, буюк Турон заминида марказлашган давлат барпо этиши, 27 давлатни ўз давлати таркибига киритиши ва бу даврнинг буюк ҳукмдорлари (Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамиш, турк султони Боязид Йилдирим)га қарши ҳарбий юришлар баён этилган.
Асарнинг иккинчи, асосий қисмида эса давлатни қандай идора этиш ва бу йўлда кимларга таяниш, вазир ва ҳарбий амалдорларни тайинлаш, уларнинг вазифаларини белгилаш, армия тузиш, жанг олиб бориш тактикаси, қўшин бошлиқлари ва сипоҳийларнинг бурч ва вазифаси, “устоз – шогирд” анъанаси намуна сифатида берилган. Мазкур асардаги Амир Темур қалами билан ёзилган “Салтанат ишларининг тўққиз улушини машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улушини эса қилич билан бажо келтириш зарур” ибораси ҳозирги замонда ҳам бутун дунё давлатлари учун муҳим кўрсатма сифатида хизмат қила олади.
Давлат бошқаруви ишларига ҳамиша алоҳида эътибор қаратган Амир Темур ўз асарида “Давлат ишларини салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқардим. Тўра ва тузукка таяниб салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим”, дейди. Соҳибқироннинг бошқарув даврини ўрганган франциялик олим Алфонс де Ламартин “Европа на Искандарда, на Аттилада ва на Московия зафарини қучган янги фотиҳ Наполеонда адолатли қонунлар асосига қурилган бундай бошқарувни бунёд этган эмас”, деб таъкидлайди.
Давлат бошқарувида сиёсий ҳаёт устувор вазифа ҳисобланган. “Ишларимнинг барини кенгаш билан юргизиб, уни битиришда тўғри тадбир қўллар эдим. Бир ишга киришмай туриб, ундан чиқиш йўлларини ўйлаб қўяр эдим. Уни тўғри тадбир, қатъий жазм, сабр-чидам кўрсатиб, эҳтиёткорлик билан узоғини ўйлаб, ортини эсдан чиқармаган ҳолда охирига етказардим”, деб таъкидланади “Темур тузуклари” асарида.
Сиёсий ҳаётни янада мустаҳкамлаш мақсадида Амир Темур қўшни давлатлар билан доимий алоқалар ўрнатган. Янги ерларни обод қилиш, шаҳарлар барпо этиш ишларига алоҳида эътибор қаратган ва бу ишларда жонкуярлик кўрсатган халқ вакилларига имтиёзлар ҳам бериб борган. “Кимки бирон саҳрони обод қилса, ёки ер ости сувларини тортиб оладиган иншоот қурса ё бирон боғ кўкартирса ёхуд бирон ташландиқ ерни обод қилса, фақат ерни ўзлаштирганнинг учинчи йили (дастлабки икки йил тўламаган) қонун доирасида хирож солиғи олинган” деб ёзилади тузукда.
Амир Темур устозининг маслаҳатига амал қилди
Тарихий манбаларда Амир Темур юксак тарбияли ва кучли билимга эга шогирд сифатида эътироф этилган. Соҳибқироннинг доимо уч шайхга нисбатан ихлоси жуда баланд бўлиб, уларни ўзига пир (устоз) сифатида кўрган. Ҳар ишни бошлашдан олдин улардан маслаҳат олган. Булар – Шамсиддин Кулол, Саййид Барака ва Зайниддин Таёбодийлар. Амир Темур салтанат ишлари, давлат бошқаруви, дин масалаларида иккиланиб қолса, албатта, ҳар доим устозларига мактуб йўллаб, тўғри йўлни танлашда маслаҳатлашган. Масалан, Чингизхон авлодларидан бўлган Туғлуқ Темурхон Туронга юриш қилганида, кўплаб ҳукмдорлар Хуросон томонга чекинади. Шунда соҳибқирон иккиланиб, пиридан маслаҳат олиш мақсадида мактуб йўллаганда, унга қуйидаги мазмунда жавоб мактуби келади: “Туғлуқ Темурхоннинг олдига боргил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олғил”. Амир Темур устози таъкидлаган маслаҳатга амал қилади ва қисқа фурсат ичида мўғулларни енгиб, ҳарбий қудрати сабаб мўғулларни бу ҳудудни тарк этишга мажбур қилади.
Амир Темурнинг давлат бошқаруви тизимида доимо тўртта нарсага амал қилиши ҳам бевосита унинг устози билан боғлиқ. Амир Темур “Пирим, Зайниддин Абубакр Таёбодий менга ёзмишларким: Абулмансур Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни ўзинг билан кенгаш, бошқалар билан машварату маслаҳат айла, ҳушёрлигу мулоҳазакорлик билан қатъий қарор чиқар, эҳтиёткор бўл!”.
Соҳибқирон Амир Темур айрим ҳолларда устозларига нисбатан ҳатто итоаткор ҳам бўлган. Буни эса “Темур тузуклари”да келтирилган пирининг мактубига жавобан Амир Темурнинг билдирган ушбу сўзларидан англашимиз мумкин: “Пиримнинг ушбу мактуби менга етгач, унда буюрилган ҳар бир нарсани бажо келтирдим. Салтанатим ишларини тартиб-интизомга солиб, салтанатим мартабасига тўра ва тузук билан зебу зийнат бердим. Салтанатимни ўн икки тоифадаги кишилар билан мустаҳкамладим. Салтанатим мартабаси бўлмиш тўра-тузуклар ва қонун-қоидаларни ҳам шу ўн икки тоифага боғлаб туздим. Бу ўн икки тоифани салтанатим фалакининг ўн икки буржи ва давлатим корхонасининг ўн икки ойи деб ҳисобладим”.
Бундан англашимиз мумкинки, Амир Темур ҳар ишни устозлари билан бамаслаҳат амалга оширган. Уларга ҳурмат билан муносабатда бўлганлиги учун ҳам Соҳибқирон тузган давлат ривожланган ва турли ички хиёнаткорликлардан йироқ бўлган.
Соҳибқирон шогирдларини жазоламаган
Амир Темурни ўз пирларининг давомчиси сифатида талабчан, етук савияга эга ва меҳрибон устоз сифатида ҳам таъкидлаш жоиз. Соҳибқироннинг 313 нафар шогирди бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам манбаларда келтирилган. Ҳатто, буюк саркарда, Темур ва темурийлар салтанатининг садоқатли жангчиси амир Шоҳмаликни ҳам айнан Амир Темур тарбиялаган. Уни ёшлигидан кучли ҳарбий салоҳият ва садоқатга ўргатган.
Амир Темур бошқаруви даврида унга қўшни бўлган юртларда ўз даврининг буюк империялари ва императорлари ҳукмронлик қилар эди. Айни шу сабабли ҳам Амир Темур ҳарбий сиёсатга ўзи бошчилик қилар, ҳақиқий ватанпарвар аскарларни ўзи сараларди.
“Кимнинг ақлу ва шижоатини синов тарозусида тортиб кўриб, бошқаларникидан ортиқроғини кўрсам, уни тарбиямга олиб, амирлик даражасига кўтарар эдим. Сўнгра кўрсатган хизматларига яраша мартабасини ошириб борардим”, дея таъкидлаган Соҳибқирон.
Агар Амир Темурнинг шогирдлари нотўғри йўлдан борса ёки қайсидир ўринда унга бўйсунмаса, уларни кескин жазоламай, имкон берган. “Темур тузуклари”да келтирилган шогирду лашкар тарбиясига оид Амир Темурнинг қуйидаги фикрларини алоҳида эътироф этиш жоиз: “Бегига эътиқоди кучли навкар улким, унинг оғир-қаттиқ эътирозли сўзларидан ранжиб, кўнглида кек сақламайди. Бегидан танбеҳ эшитса, ўзини айбдор деб билади. Бундай навкар таъмину тарбияга лойиқдир”.
Сипоҳийларни тарбиялаш масаласига келадиган бўлсак, Амир Темур “Сипоҳийларим билан қандай муомала қилишим тўғрисида фикр юргизиб, қайси бирини қандай тарбият қилишим керак, қайси ишни қай бирига топширсам, хато қилмаган бўламан деб, ҳар ишнинг олди-кетини ўйлар эдим”, деб таъкидлайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Амир Темур устозлари ардоғидаги шогирд, шогирдлари эъзозидаги салоҳиятли устоз бўлган. Устоз ва мураббийлари эъзозланган ҳар юртнинг келажаги порлоқ, ёшларининг илми ва дунёқараши етук бўлаверади. Нафақат ҳарбий бўлиш истаги бор ёшлар, балки ҳар бир китобхон “Темур тузуклари”ни ўқиб, ундан шахсий хислатларини комил инсон сифатига бойитиши лозим.
Завқибек МАҲМУДОВ,
Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти доценти.
ЎзА