Европада “яшил энергия” тўсиққа учрадими?
Европада қайта тикланувчи энергия жадал ўсмоқда, аммо электр тармоқлари бу суръатга улгурмаяпти. Янги таҳлилга кўра, 120 гигаваттдан юқори даражадаги “яшил энергия” лойиҳалари хавф остида қолган. Бу миллионлаб оила электр таъминотидан узилиши мумкинлигини англатади. Мутахассислар айни ҳолатни нафақат техник муаммо, балки хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоламоқда.
Салбий таъсир айниқса кучли сезилаётган Австрия, Болгария, Латвия, Нидерландия, Польша, Португалия, Руминия ва Словакияда тармоқ қуввати янги шамол ва қуёш энергияси лойиҳаларини қабул қилишга тайёр эмас. Шу сабабли, режадаги кўплаб мажмуалар ишга тушмай қолиши хавфи пайдо бўлган. Ҳатто, хонадонлар учун мўлжалланган қуёш панелларини тармоққа улашда ҳам қийинчилик юзага келмоқда.
Муаммо нафақат йирик лойиҳалар, балки оддий одамлар турмушига ҳам дахл қиляпти. Ҳисоб-китобга кўра, 1,5 миллиондан ортиқ хўжалик янги қуёш панелини ўрната олмаслиги мумкин. Қолаверса, айрим давлатларда электр тармоғи янги талаб, масалан иситиш тизими талабига ҳам жавоб бера олмайди. Хусусан, Польша ва Испания бу борада жиддий чекловга дуч келган.
Ҳолатга асосий сабаб – инфратузилма эскилиги. Аввалига кўмир ва газ станциялари учун қурилган Европа электр тармоғи марказлашган тизимда ишлаган. Ҳозирги “яшил энергия” эса асосан чекка ҳудудларда ишлаб чиқарилади. Энергияни узатиш учун янги тармоқ керак. Шу боис, мавжуд тизим ўзгаришга мослаша олмаяпти.
Мутахассислар таъкидлашича, сармоя оширилиши етарли эмас. Охирги йилларда тармоққа инвестиция 50 фоиз ўсиб, йиллик 70 миллиард еврога етди. Барибир, тармоқдаги “тиқилиш” сабаб, жуда кўп миқдордаги энергия исроф бўляпти. Муаммо ҳал қилинмаса, Европа “яшил энергия”дан самарали фойдалана олмайди.
Мусулмон Зиё, ЎзА