Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Имон Гилмор ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Бухорога сафар қилди. Мартабали меҳмонлар қадимий шаҳарни зиёрат қилганидан бехад мамнун.
Делегация вакиллари Сомонийлар мақбараси, Арк қўрғони, Абдуллахон мадрасаси, “Пойи Калон”, “Тоқи саррофон”, “Тоқи телпакфурушон”, “Лаби ҳовуз” ҳамда “Нодир Девонбеги” мажмуалари билан яқиндан танишди.
– Ватаним Ирландия билан юртингиз Ўзбекистон ўртасида, оралиқдаги олис масофадан қатъи назар, ажиб бир ўхшашлик кўрдим. Тарихий тараққиёт йўлларимизнинг яқинлигига гувоҳ бўлдим, – деди Имон Гилмор. – Кўҳна Бухоро кўчаларини кезар эканман, ўзимни худди Ўрта асрлар замони ва маконига келиб қолгандек ҳис қилдим. Менинг юртимда ибодатхоналар қанча кўп бўлса, бу ерда шунча кўп мадрасаларга дуч келдим.
Узоқ тарихда Ирландия ибодатхоналари таълим ўчоқлари вазифасини ўтаган, уларда таҳсил олган аждодларимиз кейинчалик бутун Европа бўйлаб лотин маданияти ва насронийликни тарғиб этишган. Ўз навбатида, Ўзбекистон заминида ислом цивилизацияси тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган улуғ алломалар етишиб чиққани ҳақида менга сўзлаб беришди.
ЕИ вакили диёримизда бой маданият ва турфа анъаналарни ўзида мужассам этган ноёб тарих борлигини алоҳида таъкидлади. Тарихий мерос ва азалий қадриятларни келажак авлодлар учун асраб-авайлаб сақлашга бўлган эътибор меҳмонлар диққатини тортди.
Ташриф давомида улар Бухоро шаҳридаги яҳудийлар синагогасини ҳам бориб кўрди. ЕИ вакилларини мусулмонларнинг масжиду мадрасалари жойлашган шаҳар марказида синагога ҳам эмин-эркин фаолият юритаётгани хурсанд қилди.
И.Гилморнинг эътироф этишича, турли диний конфессияларнинг ёнма-ён тинч-осуда фаолият юритишининг бу тахлит кўп асрлик ибратли амалиёти ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Сайёҳларнинг кўплиги, ўз навбатида, Ўзбекистон том маънодаги сайёҳлик марказига айланаётганидан далолат беради.
Терхи Хакала ўзбекона меҳмондўстликдан беҳад ҳайратланганини яшириб ўтирмади. Унинг таъкидлашича, ғаройиб маданий дастурлар, Ўзбекистон турли минтақаларнинг ўзига хос хусусиятларини очиб берадиган қизиқарли концертлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Иттифоқнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили меҳмондўстлик учун Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорлигини изҳор этди.
ЕИнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили ҳам Бухоро зиёрати, маҳобатли ҳамда муҳташам меъморий обидалар кўрку тароватидан қувонч ва ҳайрати ортганини қайд этди. Ўзбек таомлари жуда маъқул бўлганини, келгусида Самарқанд ва Хива шаҳарларини ҳам зиёрат қилиш ниятида эканини билдирди.
ЎзА