Европа Иттифоқи делегацияси Сурхондарёда
Европа Иттифоқи Комиссияси бўлим бошлиғи С.Ринальди бошчилигидаги делегация Сурхондарё вилоятида бўлиб, дастлаб Термиз шаҳрида аёллар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари учун давлат хизматларидан фойдаланишни таъминлашда кўп тармоқли уйғунлашган ёндошув, аёллар маслаҳат гуруҳининг самарали ишлаши, Давлат хизматлари агентлиги ва бошқа манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинар-тренинг машғулотида иштирок этди.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Европа Иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европа Иттифоқининг мамлакатимимздаги делегацияси, Ташқи Ишлар вазирлиги ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган уч кунлик тадбирда маҳаллий ҳокимлик, ижтимоий хизматлар бошқармалари, болаларни ҳимоя қилиш хизматлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, аёллар, ёшлар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа заиф қатламлари билан ишлайдиган ташкилотлар вакиллари, журналистлар қатнашмоқда.
Машғулотларнинг тантанали очилиш маросимида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори У. Муҳаммадиев, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Ш. Адриан, Европа Иттифоқи Комиссияси бўлим бошлиғи С.Ринальди ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар кучли демократик давлат барпо этиб, одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди. Сўнгги йилларда юртимизда давлат хизматлари кўрсатишнинг очиқ, шаффоф тизими яратилиб, аёллар ва аҳоли бошқа заиф қатламларининг давлат хизматларидан фойдаланишига қаратилаётган эътибор ҳам бу борада муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
[gallery-4511]
Ўтган тўрт йилда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг мамлакатимиз ҳудудидаги 207 туман ва шаҳарда марказлари ташкил этилди. Чекка ва олис маҳаллаларда 141 та филиали хизмат кўрсатишни бошлади. Бу жараёнда масофадан электрон хизмат кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш учун БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида йирик лойиҳалар амалга оширилиб, халқаро тажрибалар ўрганилаётир.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг туман ва шаҳарларида 15 та давлат хизматлари маркази ва чекка ҳудудларда ўнта филиали фаолият юритмоқда.
Олис ҳудудларда Давлат хизматлари кўрсатишни ривожлантиришга қаратилаётган эътибордан жуда хурсанд бўлдик, деди Европа Иттифоқи Комиссияси бўлим бошлиғи С.Ринальди.Бу йўналишда айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга сифатли хизмат кўрсатишни қўллаб-қувватлаймиз. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Юртингизда агар очиқлик бўлмаса, бу каби тадбирлар ўтказилмас эди. Тренинг машғулотларида аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, имкониятларни янада кенгайтириш масалалари чуқур муҳокама этилиб, хориж тажрибаси ўрганилаётганидан мамнунмиз.
Тадбир якунида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги директори У. Муҳаммадиевга ISO 09001-2015 халқаро стандарти сертификати тантанали топширилди.
Шу куни делегация аъзолари воҳада қайта ташкил этилган чекка Бандихон тумани давлат хизматлари кўрсатиш марказида бўлиб, бу ерда хизмат кўрсатиш сифати ва аҳолига яратилган замонавий қулайликлар билан яқиндан танишди. Масофадан электрон хизмат кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш бўйича таклиф ва тавсияларини билдирди.
Европа Иттифоқи Комиссияси бўлим бошлиғи С.Ринальдининг Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан учрашувида Афғонистондаги вазият ва вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашилди. Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга муносиб баҳо берилди.
Делегация аъзолари ЎзбекистонАфғонистон чегарасидаги Хайратон кўприги билан танишди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА