Европа Иттифоқи делегацияси билан учрашувлар
2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Ахадбек Ҳайдаров Европа Иттифоқи Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича бўлим бошлиғи Сара Ринальди бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон Республикасининг макроиқтисодий кўрсаткичлар ва фискал ҳолати, давлат молиясини бошқариш, агросаноат комплекси, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги ислоҳотлар, Европа Иттифоқи бюджетини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси, шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар Ўзбекистонда таркибий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлашди. Эришилган натижалар Европа Иттифоқи томонидан юқори баҳоланаётгани қайд этилди.

Учрашув якунида вазир ўринбосари Европа Иттифоқига давлат молиясини бошқариш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда техник ёрдам кўрсатиш, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Молия вазирлиги ходимларининг ўзаро тажриба алмашиш бўйича таклифларини билдирди.
Шу куни Сара Ринальди бошчилигида Европа Иттифоқи делегацияси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида ҳам бўлиб, вазирнинг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов билан учрашув ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ҳамда Европа Иттифоқи ўртасида "яшил" тараққиёт, иқтисодиёт ва технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Меҳмонларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган жорий ислоҳотлар ва "яшил" иқтисодга ўтиш соҳасидаги амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди, томонлар 2030 йилгача "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегиясини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, учрашувда рақамли трансформация дастурлари, хусусан, БМТ ТД билан ҳамкорликда "Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш" лойиҳаси борасида сўз борди.
“Яшил” иқтисодиётга ўтиш, барқарор ривожланиш, камбағалликни қисқартириш, инсон капиталини ривожлантириш ва бошқа йўналишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

ЎзА