Барчага маълум, мамлакатимизда аҳоли ўртасида футболга бўлган қизиқиш юқори. Шу боис ҳам футбол бўйича дунё узра ўтадиган турли мусобақаларни ўзбек мухлислари интиқлик билан кутади. Европа Чемпионлар лигаси ҳам ушбу турнирлар жумласидан.
Ушбу мусобақанинг жорий йилги мавсум баҳслари 16–19 сентябрь кунлари старт олади. Умумий босқичнинг дастлабки тури доирасида қитъанинг етакчи жамоалари майдонга тушиб, мухлисларга жозибали ва кескин беллашувлар тақдим этиши кутилмоқда.

Жумладан, 16 сентябрь куни Нидерландияда “ПСВ Эйндховен” клуби Бельгиянинг “Юнион” клубини қабул қилади. Испанияда эса “Атлетик Бильбао” ўз уйида Англия гранди — “Арсенал”га қарши майдонга тушади.
17 сентябрь куни мусобақа доирасида бир қатор марказий учрашувлар бўлиб ўтади. Аниқроғи, “Тоттенхэм” – “Вильярреал”, “Бенфика” –“Қорабоғ”, “Ювентус” – “Боруссия Дортмунд”, “Реал” – “Марсель”, “Олимпиакос” – “Пафос”, “Славия” – “Будё-Глимт” учрашувлари ўрин олган.
18 сентябрь кунги баҳсларда “ПСЖ” Италиянинг “Аталанта” клубига қарши майдонга тушади. Амстердамда “Аякс” Миланнинг “Интер” клубига қарши ўйнайди. Англиядаги “Энфилд” стадионида эса “Ливерпуль” – “Атлетико Мадрид” беллашади. Мюнхендаги “Альянц Арена”да “Бавария” Лондоннинг “Челси” клубини қабул қилади. Шу билан бирга, “Брюгге” ва “Монако”, “Копенгаген” ҳамда “Байер Леверкузен” баҳси ўтказилади.
19 сентябрда таркибида Абдуқодир Ҳусанов бўлган “Манчестер Сити” клуби “Этиҳад” стадионида Италия чемпиони — “Наполи” билан рақобатлашади. Лиссабонда “Спортинг” Қозоғистон чемпиони — “Қайрат” клубини қабул қилади. Лондоннинг “Ньюкасл” клуби ўз майдонида “Барселона”га қарши майдонга тушса, Германиядаги Франкфурт шаҳрида эса “Айнтрахт” ва “Галатасарай” ўртасидаги кескин беллашув бизни кутмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА