Европа Аляска музокарасидан четда қолди (+видео)
Европанинг ўз хавфсизлиги билан боғлиқ муҳим музокарадан четда қолиши таҳлилчилар томонидан жиддий хавотир билан қарши олинмоқда, деб ёзган Euronews.
Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасида Аляскада ўтиши кутилаётган учрашув Европа Иттифоқи вакиллари ҳамда Украина иштирокисиз кечади. Бу икки йирик давлат етакчиларининг уруш бошлангандан кейинги илк юзма-юз мулоқоти бўлади. Ҳуқуқшунос профессор Альберто Алеманно айни ҳолатни кўҳна қитъа учун ҳафсалани пир қилувчи жараён сифатида баҳолаб, шундай дейди:
– Бу манзара кўплаб европаликлар учун жуда нохуш. Уларга АҚШ маъмуриятининг буйруғона ёндашувини эмас, балки ўз етакчилари сўзини эшитиш маъқул. Бўлажак музокара ЕИ хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга, аммо Европанинг ўзи бу жараёнда қатнашмаяпти.
Мутахассис таъкидлашича, ҳозир қитъа етакчилари Украина Президенти Владимир Зеленскийни музокара жараёнига жалб қилиш ҳаракатини бошлаган. Бинобарин, АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдам тўхтатилиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти Европани ўта эҳтиёткор позиция танлашга мажбурламоқда.
– Вице-президент Жей Ди Вэнсдан энди Украина қўллаб - қувватланмаслиги эҳтимоли ҳақида эшитдик, – дейди Алеманно.– Европа етакчилари бугунги кунда қийин танлов олдида турибди. Агар улар Украинага қатъий содиқлик кўрсатиб, Трамп – Путин учрашувида Зеленский иштирокини таъминлашга уринса, АҚШ режасига қарши бориб қарама-қарши томонда қолишлари мумкин. Мабодо, кўтариладиган масалаларга кўз юмсалар, Украина зарарига ишлайдиган келишув тасдиқланиши мумкин.
Таҳлилчилар фикрича, Европа ўз хавфсизлигини АҚШга боғлаб қўйгани учун мураккаб вазиятга тушиб қоляпти. Агар Россия билан Европа ва Украина иштирокисиз келишилса, НАТО обрўсига путур етади.
Сиёсатшунос Якоб Киркегаард айни масалада шундай деди:
- Агар АҚШ НАТОнинг асосий хавфсизлик кафолатчиси сифатида Россияга ҳарбий фойда келтирадиган шартнома имзоласа, НАТО ташкилот сифатида аҳмиятини йўқотади. Бу бизнинг, яъни ҳақиқий Европанинг муаммоси эканини англашимиз лозим. Ҳозир Европа мустақил равишда Украинага етарли ёрдам бера олмаяпти ва Россияни тўхтатиш қобилиятига ҳам эга эмас.
Музокара олдидан Трамп ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув Россия ва Украина ўртасида ҳудудлар алмашинувини ҳам назарда тутиши мумкинлигини билдирган. Зеленский кескин рад этган бу таклифга ЕИ етакчилари ҳам кескин муносабат билдира бошлади.
ЕИ бош дипломати Кая Каллас вазият жиддийлигини эътироф этиб, ташқи ишлар вазирлари норасмий виртуал йиғилишига чақирув йўллади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6sryefj4mIk" title="Yevropa Alyaska muzokarasidan chetda qoldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА