“Эврика” танловида ёш олимлар тақдирланди (+Видео)
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Илм-фан тарғибот маркази ташаббуси ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳомийлигида ёш олимларнинг фан ва инновация соҳасида "Эврика" танлови ташкил этилган эди.
Танловнинг асосий мақсади 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган ёш олимлар ва мутахассисларнинг фан ва инновация соҳасидаги юқори натижаларини муносиб рағбатлантиришдан иборат.
Танлов “Рақамлар дунёни бошқаради”, “Табиат ва инсон”, “Техника ва IT технологиялар олами”, “Жамият, тарих, маданият археология, тарих, этнография, филология, иқтисодиёт, ҳуқуқ, санъат”, “Фаол ёш олима аёллар учун” каби 5 йўналишда бўлиб ўтди.
"Эврика" танловининг якуний босқичида 50 га яқин ёшларнинг ишлари кўриб чиқилди.
Ғолиблар ёш олимларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси аҳамияти, уларнинг илмий натижаларини келгусида қўллаш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланди.
— Ушбу танлов 3 ойдан буён ўтказилиб келиняпти, —дейди Ион-плазма ва лазер технологиялари институти биринчи босқич докторанти Фазилат Тўрахўжаева. —Биринчи институт, сўнгра Фанлар академияси босқичидан ўтдик. Мен қаттиқ жисмлар мустаҳкамлигини ошириш мавзусидаги илмий ишимни танловга топширдим. Илмий ишимни танлов ғолиблигига муносиб кўришганидан хурсандман.
Биринчи ўринни қўлга киритган олимлар 10 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Қолган ғолибларга ҳам ҳомийлар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7JLE2FqVpJs?si=v2QQNi8C9e_H3C_S" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
А.Аҳмедов (видео),
ЎзА