Етти нафар боксчимиз финалда, икки нафарида эса бронза!
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимизда бокс бўйича жаҳон чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Ярим финал жанглари омадли бошланди. Ҳамюртларимиз орасида -54 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Ойбек Жўраев финал йўлланмаси учун кечган жангда россиялик Дмитрий Двали устидан чиройли ғалабага эришди.
-67 кг вазн тоифасида боксчимиз Асадхўжа Мўйдинхўжаев финалчилар қаторига ўз номини қўшиб қўйди. Мўғулистонлик Мишеельт Баттумур билан жанг қилган боксчимиз ишончли тарзда баҳсни ўз фойдасига ҳал қилди ва финалга йўл олди.
Аълохон Абдуллаев учун ушбу мусобақа якунланди. Ҳамюртимиз ярим финалда бразилиялик Вандерлей Перейрага имкониятни бой берган бўлса ҳам, 19 ёшида дебют чемпионатидаёқ шоҳсупага кўтарилиши улкан ютуқ ҳисобланади.
Терма жамоамиз сафида яна бир боксчимиз бронза медалига эга бўлди. -92 кг вазн тоифасида янги номлардан бирига айланган Лазизбек Мулложонов финал остонасида россиялик Муслим Гаджимагомедовга имкониятни бой берди. Шу тариқа, ўтган дунё биринчилигида чорак финалда иштирокини якунлаган фарғоналик боксчимиз бу гал совриндорлар қаторидан жой олди.
Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг) фаолиятида иккинчи бор жаҳон чемпионатининг финал йўлланмасини қўлга киритди. Ҳозиргина якунланган ярим финал жангида юртдошимиз испаниялик Мартин Молинадан устун келди.
Сербияда ўтган жаҳон чемпионати финалчиси Абдумалик Халоков (-57 кг) Тошкент мезбонлик қилаётган дунё биринчилигида ҳам чемпионлик учун жанг қиладиган бўлди. Юртдошимиз ярим финалда қирғизистонлик Мунарбек Сеитбекдан устун келди.
Ўзбекистон терма жамоаси -63.5 кг вазн тоифасида ҳам финалга йўл олмоқда. Ушбу вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Руслан Абдуллаев ярим финалда Токио-2020 Олимпиадаси совриндори арманистонлик Ховханнес Бачковни мағлубиятга учратишга эришди.
-71 кг вазн тоифасидаги боксчимиз Саиджамшид Жафаров ҳам финалчилар қаторига қўшилди. Бу гал бразилиялик Вандерсон де Оливейра бухоролик йигитимизнинг зарбалари олдида ожиз қолди.
Маълум бўлишича, +92 кг вазн тоифасида Баҳодир Жалоловга қарши жанг қилиши кўзда тутилган испаниялик Аюб Гадфа Дрисси рингга чиқмаслигини билдирган. Шу тариқа, Жалолов тўғридан тўғри финалга йўл олмоқда!
[gallery-11856]
Шундай қилиб, бугунги жанглардан сўнг, етти нафар боксчимиз финал йўлланмасини қўлга киритди. Икки нафар боксчимиз бронза медалига сазовор бўлди.
Жаҳон чемпионати баҳслари 14 майга қадар давом этади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА