Етти хазинанинг бири: посангида фойда ва зарар
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2017 йилда 6,6 миллиард дона тухум ва 170 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилди. Айни пайтда 71 миллион дона парранда парваришланмоқда
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2017 йилда 6,6 миллиард дона тухум ва 170 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилди. Айни пайтда 71 миллион дона парранда парваришланмоқда.
Хўш, Ўзбекистонда паррандачилик соҳаси бугун қай аҳволда? Парранда гўшти ва тухумининг инсон организмига таъсири ҳақида мутахассислар фикри қандай? Биз шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида “Паррандасаноат” уюшмаси кенгаши раиси Яшин Абдураззоқов билан суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон шароитида тухум ва гўшт йўналишидаги қайси зотлар яхши самара беради? Паррандачилик билан шуғулланиш учун энг аввало нималарга эътибор қилиш керак?
– Ўзбекистонга биринчи марта 1992 йилда Германиядан ломанн парранда зотлари келтирилган бўлиб, ҳозирда бозорни 50 фоизи шу зотдан иборат. Яна дикалб, хайсекс, бованс (Нидерландия), хай-лайн (АҚШ), новоген (Франция) номли парранда кроссларидан кенг фойдаланилмоқда. Бу товуқлар уй шароитида бир йилда 250-280 донагача, саноатда эса 330-350 донагача тухум беради. Гўшт йўналишида росс (Буюк Британия), хаббард (Франция), кобб (АҚШ) кросси шароитимизга яхши мослашган. Бундай чатишган жўжаларнинг тирик вазни 38-42 кунликда 2,4-2,7 килограммга етади. 1 кило парранда етиштириш учун 1,7 кило озуқа сарфланади.
– Бозорларни кузатсак, товуқ гўшти ва тухуми сероб. Харидори ҳам кам эмас. Айни вақтда тухум экспортга чиқарилаётгани ҳақида ҳам эшитиб қоламиз.
– Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари ишлаб чиққан асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача бир кишига йиллик истеъмол нормасида парранда гўшти 14 килограммдан ортиқроқ, тухум миқдори 215 донадан зиёд этиб белгиланган. Биз халқимизнинг талабига яраша маҳсулот етказиб беряпмиз. Бозорларда мўл-кўллик таъминланмоқда. Ички истеъмол бозоридан ортгани эса экспорт қилинаётир.
Ўтган йили 17 миллион долларлик тухум экспорт қилинган эди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 108 миллион дона тухум Афғонистон, Тожикистон каби давлатларга етказиб берилди.
– Демак, талабга нисбатан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Бу жараёнда тизим корхоналарининг замонавий жиҳозлар билан таъминлангани, модернизация ишлари қанчалик аҳамиятга эга?
– Албатта, модернизация ишлари кенг миқёсда олиб борилмоқда. Масалан, “Агалик – Ломанн парранда” қўшма корхонасида 1996 йилдан буён Германиянинг “Мёллер” компаниясининг технологик анжомларидан фойдаланилмоқда. “Самарқанд парранда” қўшма корхонаси, “Тошкент парранда” ва “Бухоро парранда” жамиятларида Украина-Россиянинг “Техна”, “Ўртачирчиқ парранда” ва “Мароқанд парранда”да Германиянинг “Хелманн”, “Шарқ баҳодири”да Германиянинг “Салмет” компаниялари технологик анжомларидан фойдаланилмоқда. Шунингдек, Бельгия, Испания, Италия компанияларининг илғор технологик анжомлари замонавий талабларга жавоб беради. Эрон, Туркия ва Хитой давлатларида ишлаб чиқарилган паррандачилик технологик анжомларига ҳам талаб ортмоқда.
– Халқ орасида жўжаларни тезроқ семиртириш учун уларга турли қўшимчалар, гармонлар берилаётгани ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб бормоқда. Сизнингча, бу фикрларда қанчалик ҳақиқат бор?
– Замонавий паррандачиликда жўжаларни ўстириш ва тезроқ семиртириш, келажакда тухум бериши кўпайиши учун уларга турли озуқа қўшимчалари берилиши ҳақиқатда бор нарса. Масалан, буғдой дони, маккажўхори дони, соя шроти, кунгабоқар шроти, ўсимлик ёғи, ош тузи, аминокислоталардан лизин ва метионин, чиғаноқ, монокальций фосфат, витаминли-минерал премикслари қўшилади. Улар озуқа таркибига керакли миқдорда (меъёрда) қўшилади. Донларни бойитиш учун витаминлар (А, Е, Д, В гуруҳи, РР ва бошқалар) ва минерал моддалар (озуқабоп оҳак, чиғаноқ, майда тошлар, моно-, ди-, трикальций фосфатлар ва бошқалар) қўшимча равишда қўшилади.
Гармонларга келсак, юртимизда улар ишлаб чиқилмайди, четдан келтириш эса жуда қимматга тушади. Паррандачилар хоҳласа ҳам олиб келиб қўша олмайди. Чунки, маҳсулот таннархи жуда ошиб, иқтисод жиҳатдан ўзини қопламайди. Паррандачиликда ҳеч қандай ГМОга ҳожат йўқ.
– Кўпчилик тухумда холестерин моддаси бироз кўплиги туфайли ишлатишда эҳтиёт бўлади. Бироқ, товуқ гўшти парҳезбоп деган тушунча ҳам кенг оммалашган. Бу борада сизнинг фикрингизни билмоқчи эдик?
– Олимлар олиб борган илмий тадқиқотларда қон плазмасида холестерин миқдорини тухум эмас, балки тўйинмаган ёғлар ошириши аниқланган. Яъни жигарда тўйинмаган ёғлар холестерин моддасига енгил ўтиб кетади. Тухум сариғидаги лецитин холестерин моддасини меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради. Бундан ташқари унда холин бор. Холин моддаси қон-томир тизимини ва ақлий фаолиятни меъёрий ишлаши учун зарур бўлиб, жигарда холестерин ва ёғларни тўпланишига тўсқинлик қилади.
Товуқ гўштининг фойдали хусусиятлари тўғрисида кўпчилик яхши билади. Товуқ сон ва кўкрак гўшти ҳар доим мол гўштидан афзалроқ ҳисобланган. Турли давлатларда парранда гўштидан ўз услубида таом тайёрланади. Лекин уни фақатгина боқиш усули осон бўлганлиги учун эмас, балки товуқ гўшти ўта фойдали бўлганлиги учун ҳам қадрлашади.
Ахир, товуқ гўшти таркибида барча аминокислоталар, шахсий тўқималаримиз учун қурилиш материаллари жуда кўп. Тизза бўғимлари оғриғи азоб бераётган бўлса, таркибида коллаген ва эластин оқсиллари бўлган товуқ панжаларини истеъмол қилиш фойдали.
Парҳезда ўтирганлар ва қон-томир касалликлари муаммолари бор инсонларга товуқ гўштини ҳақиқий нажот дейиш мумкин. Инсон товуқ гўштидан семириб кетмайди, шу билан бирга у жуда осон ҳазм бўлади.
– Баъзида болаларга тухум кучлилик қилади деймиз. Аслида битта тухумнинг тўйимлилигини нимага солиштирсак бўлади?
– Бутун дунё диетологлари товуқ тухумини энг мукаммал табиий маҳсулот деб ҳисоблашади. Болалар организми учун зарур бўлган барча комплекс озиқ-овқат моддалари мавжудлиги билан тухум бошқа маҳсулотлардан ажралиб туради.
Битта тухум 200 грамм сут ва 50 грамм гўшт ўрнини босади. У организмда 97-98 фоиз ҳазм бўлади. Муҳими ичакларда керак бўлмаган шлаклар пайдо қилмайди. Тўйимли овқат турига кирса ҳам, семиртирмайди.
Тухум таркибида кальций миқдори кўп бўлганлиги сабабли, уни истеъмол қилиб юрган инсоннинг суяк ва бўғимлари мустаҳкам бўлади. Шу билан бирга қон-томир касалликларининг олдини олади. Тухум қон ишлаб чиқариш органларига ижобий таъсир қилиб, асаб толаларини ҳимоя қилади, шунингдек, ташқи муҳит салбий таъсирини енгиб ўтишга ёрдам беради. Кишининг иммун тизимига ва ишлаш қобилиятига ижобий таъсир этади, организмнинг қариш жараёнини олдини олади. Тухум артериал босимни нормаллаштиради, ўпка ишини яхшилайди ҳамда онкологик касалликларни ривожланишини камайтиради.
– Аҳолини янада сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида “Паррандасаноат” уюшмаси келгусида қандай лойиҳаларни амалга ошириш ниятида?
– Келгусида ушбу соҳани янада ривожлантириш, паррандачилик корхоналарини модернизация қилиш ва парранда маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш борасида жуда кўп лойиҳаларни бажариш мўлжалланмоқда. Мисол учун, энг аввало соҳани илмий асосда жадал ривожлантириш мақсадида Қибрай туманидаги “Тошкент парранда” жамияти негизида Паррандачилик илмий марказини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Паррандачилик маҳсулотларини қайта ишлаб дудланган, қуритилган, суюлтирилган, қадоқланган ва бошқа истеъмол учун турли ассортиментларда ярим тайёр овқат тайёрлаш цехларини ишга туширмоқчимиз. Қорақалпоғистон Республикаси “Аму-Агро”, Наманган вилояти “Уйчи парранда”, Самарқанд вилояти “Сиёб Шавкат орзуси”, Сирдарё вилояти “Гулистон парранда” ва Тошкент вилояти “Саховат бройлер” жамиятларида тайёргарлик кўрилмоқда.
Товуқларни кўпайтириш билан бир қаторда куркачилик, ғозчилик, ўрдакчилик, беданачилик ва туяқушчилик йўналишига ҳам эътибор қаратмоқчимиз. Қўшимча равишда 187 минг дона курка, 12 минг дона ғоз, 45 минг дона ўрдак, 42 минг дона бедана ва 250 дона туяқушни парваришлаш учун 43 хўжалик ташкил этиб, 120 та иш ўрни яратмоқчимиз.
“Ҳалол” стандарти бўйича парранда маҳсулотларини “Ҳалол” бренди билан чет давлатларга экспорт қилиш энг муҳим лойиҳаларимиз сирасига киради.