Эътироф ва рағбат янги муваффақиятларга олиб келади
Тараққиётнинг тамал тоши. Уни қўйишда баркамол авлод вакилларининг ўрни беқиёс. Бугун ифтихор билан таъкидлаётганимиз – спорт турлари бўйича ўтказилаётган жаҳон ва қитъа чемпионатларида, Олимпия ва Осиё ўйинларида Ўзбекистон номини улуғлаётганлар айнан юртимизнинг оловқалб ёшлари ҳисобланади.
Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада оширишга катта ҳисса қўшиб келаётган спортчиларимиз ўтаётган йилнинг олти ойи мобайнида жаҳон спорт майдонларида ўтказилган нуфузли мусобақаларда 476 та медаллар шодасига эга чиқиб, юртимиз шаънини улуғлагани ҳар жиҳатдан таҳсинга лойиқдир.
Зеро, қўлга киритилган ушбу ғалабалар таг замирида ватанимиз келажагини бунёд этишдек эзгу мақсад мужассамки, унинг шукуҳи асрлар оша Янги Ўзбекистон пойдеворига қўйилган бир ғишт каби азиздир.

Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳияти, истеъдод ва қобилиятини намоён этиб, ҳалол ва самарали меҳнати билан юртимиз тараққиётига, унинг халқаро нуфузини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ташаббускор ва етакчи ёшларимиз қатори бир гуруҳ спортчиларимиз ”Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди.
Эътироф ва рағбат янги муваффақиятларга олиб келади. “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган бокс бўйича жаҳон чемпиони Руслан Абдуллаев, гимнастика бўйича жаҳон кубоги совриндори, қатор халқаро турнирлар ғолиби Тахмина Икромова, “So‘g‘diyona-W” профессионал футбол клубининг аёллар жамоаси аъзоси Нафиса Набиқулова, шашка бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси Чарос Баликова сингари ёшларимизга кўрсатилган эътибор уларга ва уларнинг жамоадошларига, дўстларига келгуси мусобақалардаги ғолиблик йўллари чароғон бўлишига замин ҳозирлаши шубҳасиз.

Боксчимиз Руслан Абдуллаев, гимнастикачимиз Тахмина Икромова шу кунларда яна 3-4 ой оралиғида бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида муносиб қатнашишга ҳозирлик кўраётган бўлса, Нафиса Набиқулова “So‘g‘diyona-W” таркибида халқаро мусобақаларга, матонатли шашкачи қизимиз Чарос Баликова халқаро спорт майдонида Ўзбекистон қизларининг иродали эканликларини кўз-кўз қилишга тайёргарлик кўрмоқда.
Бу эътироф, бу мукофот уларнинг спорт фаолияти янада ёрқин ғалабаларга бой бўлишини таъминлаши, мамлакатимиз келажагининг бунёдкорлари ёшларимиз орасида янада кенгайишига хизмат қилиши билан аҳамиятли саналади.
Т.Рўзиев, ЎзА