Эътироф ва эътибор янги марралар сари чорлайди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти тасвирий санъат факультети 1-босқич талабаси Фазлиддин Анваров юксак эътироф – «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди.
Мазкур институт ректори Нодирбек Сайфуллаев ёш иқтидор эгаси билан учрашиб, уни юксак мукофот билан муборакбод этди. Учрашувда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун мамлакатимизда кенг имкониятлар эшиги очилгани, ўз навбатида, ёшлар ҳам бу имкониятлардан унумли фойдаланиши зарурлиги қайд этилди. Зеро, мана шундай азму шижоатли ёшлар Янги Ўзбекистон санъатини дунёга танитиши аниқ!
Учрашувда "Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиби Фазлиддин Анваров мукофотни қўлга киритишида институтнинг ҳиссаси катта эканини айтиб, устозларига миннатдорчилик билдирди.
— Бугун жуда ҳам ҳаяжондаман, - деди Ф.Анваров. - Бундай юксак мукофотга сазовор бўлиш ҳамда Президентимизнинг шахсан ўзларидан мукофотни қабул қилиб олиш менга улкан қувонч бахш этди. Мукофот ижодий баркамолликка эришишим, янада катта марраларни забт этишимда куч ва ғайрат бағишлайди. Ёшларга шундай юксак ишонч билдирилган, уларнинг истеъдод ва интилишлари доимо қўллаб-қувватланадиган гўзал юртда яшашнинг ўзи улкан бахт, туганмас бойлик. Давлатимиз раҳбарининг ушбу юксак ишончини оқлашга ваъда бераман.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Бадиий ижодкорлар уюшмасининг ёшлар шўбаси аъзоси бўлган ёш иқтидор эгаси ўзининг тасвирий ва амалий санъат йўналишидаги истеъдодини юртимиз ва жаҳон миқёсида намоён этиб келмоқда. Жумладан, 2019 йилда бўлиб ўтган анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалида фахрли 1- ўрин қўлга киритган.
Халқаро миқёсда эса турли йилларда Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган халқаро “Петровский парадиз”, “Северная Венеция”, “Рождественские звёзды”, “Высокое Мастерство” ва “Арт-Нова”, Париж шаҳрида бўлиб ўтган “PARIS,-LA VILLE DU FESTIVAL”, Афина шаҳрида бўлиб ўтган “FLY DOLPHIN”, Данияда бўлиб ўтган “PEACE AND FRIENDSHIP”, Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Я выбираю свой путь", “Радость Планеты”, “Энергия творчества”, “Я так вижу” каби кўплаб танлов-фестивалларда ўз ижодий ишлари билан иштирок этиб, гран-при ва фахрли ўринлар соҳибига айланган.
2019 йилда “Мир вокруг нас ЮНЕСКО” халқаро лойиҳаси томонидан ўтказилган “Академия” номли XIV халқаро профессионал тасвирий санъат олимпиадаси рангтасвир йўналишида 15 та ижодий иш билан қатнашди. Мазкур ишларнинг барчаси турли даражадаги 10 та номинация бўйича дипломлар билан тақдирланди ҳамда танловнинг интернет сайтига жойлаштирилди.
Шуниндек, ёш рассом 2020 йилнинг 16 март куни ўзининг илк “Парвоз” номли шахсий кўргазмасини ташкил қилган ва ўзининг илк ижодий каталогини нашрдан чиқарган.
Институт раҳбарияти Фазлиддин Анваров каби ёшлар билан фахрланади ҳамда улар учун муносиб шароитлар яратишни олдидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгилаган. Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини, ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз.
Н.Усмонова,
ЎзА