Эътиборнинг катта-кичиги бўлмайди
Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани кенжа туманлардан бири ҳисобланади.
Бу туман Марказий Фарғона ерларининг Қизилтепа чўллари ўрнида ташкил топган. Мана 3-4 йилдирки, Ёзёвон деҳқончиликда қолоқликдан чиқиб, пешқадамлар қаторига ўтган. Туман миришкорлари пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш режаларини ортиғи билан бажараётир.
Бундай зафарли қадамларни ташлашда туман ирригация бўлими билан сув истеъмолчилари уюшмасининг ҳамкорликдаги ишлари муҳим ўрин тутмоқда. Бу икки жамоани бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди.
[gallery-5351]
Сувчиларнинг ҳамжиҳатликда олиб борган ишлари, ҳамфикр ва иноқ фаолият кўрсатишларида узоқ йил туман ирригация бўлимига раҳбарлик қилган Арабжон Фозиловнинг хизмати катта бўлганини бу ердагилар доим эътироф этишади.
– Пенсия ёшига етганимга уч йил бўлди, - дейди Арабжон Фозилов. – Энди дам олай десам, икки жамоа ҳам сира кўнмади. Бирга ишлаймиз, бизга ўзингиз бош-қош бўлиб юрасиз, дейишди. Машина совға қилишди. Очиғи, буни кутмагандим. Бундай эҳтиром ва эътибордан беҳад хурсандман.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА