Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида жойлашган Муқимий маҳалла фуқаролар йиғинидаги 630 та хонадонда ҳозирда 741 та оила истиқомат қилади. Аҳоли сони 2 минг 533 нафар. Улар орасида ногиронлиги бўлган шахслар сони 70 нафарни ташкил этади. Ўтган даврда улар орасидан ягона ижтимоий реестрда 44 та, камбағаллик реестрида эса 21 та оила қайд этилган.
Шу фуқароларнинг ҳақиқий ҳаёти билан яқиндан танишиш ва ечим топиш мақсадида маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим сифатида фаолият юритаётган Мафтуна Эрматова нафақат аҳоли билан ишлаш, балки ҳар бир оиланинг ички муаммоларини теран ҳис этиш орқали катта ишларни амалга оширмоқда.
Хусусан, Уфқ кўчасида яшовчи Шуҳрат Баротов яқинда оғир жарроҳлик амалиётидан сўнг соғлиғини тиклаётган, ҳаётга қайтиш учун курашаётган инсон. Унинг бу мураккаб йўлида нафақат шифокорлар, балки маҳалла фаоллари ва ижтимоий хизматчиларнинг кўмаги ҳам муҳим бўлди.

Мафтуна Эрматова бу инсоннинг оиласи шароити билан танишар экан, уларни камбағаллик реестрига киритиш ташаббусини илгари сурди. Бу орқали бир қатор ёрдамлар амалга оширилди. Биринчидан, дорихона учун зарур бўлган маблағ Саховат ва кўмак жамғармаси орқали тўлаб берилди. Қўшимча равишда, унга ногиронлик гуруҳини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилди ва зарур ногиронлар аравачаси ҳам олиб берилди.
Фуқаронинг турмуш ўртоғи Сурайё Баротова ҳам эътибордан четда қолмади. Унга махсус далолатнома орқали бир йиллик меҳнат стажи расмийлаштирилди. Оиладаги фарзандлари ҳам ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими доирасида кам таъминланганлик тоифасидаги имтиёзлардан фойдаланди. Кичкина фарзанди мактабгача таълим муассасасига бепул қабул қилинди. Қизи Сожида Зокиржонова эса маҳалладаги “Баркамол авлод” ўқув марказига тўлиқ бепул равишда жойлаштирилди ва у ҳозирда тўгаракда фаол иштирок этмоқда.

– Қийинчилик пайтимизда бизни ёлғиз қолдиришмади. Турмуш ўртоғим жарроҳлик амалиётидан чиққанида кўзимда фақат ташвиш бор эди. У киши юриб кета олмаса, даволаш учун пулимиз етмаса, фарзандларимизни қандай боқаман, деган саволлар тинчлик бермасди. Маҳалламиздаги ижтимоий хизматчининг саъй-ҳаракатлари туфайли ҳаммаси яна ўз изига тушди. Биз ёлғиз эмаслигимизни ҳис қилдик, – дейди Сурайё Баротова.
Бу каби мисоллар инсонпарварлик ва маҳалла фаолларининг самарали иши натижасидан дарак беради. Энг муҳими, ижтимоий ҳимоя тизими ҳаётда ўринли ва ҳақиқий аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
А.Мусаев, ЎзА.