Етакчи географ олимлар Наманганда йиғилди
Наманган давлат университетида Ўзбекистон география жамияти ҳамкорлигида “География фани ва рақамли иқтисодиёт: муаммо ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли анжуманда мамлакатимиздаги университет ва илмий институтларнинг 50 дан зиёд таниқли профессор-олими ҳамда ёш тадқиқотчиларидан ташқари Қирғизистон, Тожикистон, Россия Федерацияси, Ҳиндистон сингари давлатлардан етакчи олимлар ҳам иштирок этди.
Конференцияда юзга яқин долзарб, хусусан, Тўхтағул сув омбори эксплуатациясининг энергетик режимга ўтказилиши ва унинг Норин дарёси сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигига таъсири; географик ахборот тизимлари ёрдамида рақамли ландшафт карталарини яратиш; экологик туризм яшил иқтисодиётни ривожлантиришнинг муҳим йўналиши; XXI асрнинг учинчи ўн йиллиги – географияни интеллектуаллаштириш даври; Ўзбекистон яйлов зонасининг ландшафт-мелиоратив ҳолати; таълим муассасаларида география ва экология фанларининг ўқитилиши каби мавзулардаги маърузалар тингланди.
Бугунга келиб ахборот технологиялари орқали Ер шарида содир бўлаётган табиий жараёнларнинг ҳозирги ва келажакдаги ҳолатини прогноз қилиш, ишлаб чиқариш кучларини ҳудудий ташкил этиш, социал жараёнлар ва экологик муаммолар таҳлили асосида оптимал ечимлар ишлаб чиқиш имконияти янада кенгайди. Қолаверса, электрон карталар яратиш орқали таълим, тиббиёт, ҳарбий соҳа, кадастр жабҳаларида юқори самарадорликка эришилмоқда.
Илмий маърузаларда замонавий географик тадқиқотларда рақамлаштириш масалалари ва рақамли иқтисодиёт, табиий географик ва ландшафт-экологик тадқиқотлар, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва инновацион ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги роли, замонавий урбанизация, демографик ва миграцион жараёнларни тадқиқ этиш, глобал ва минтақавий ўзгаришлар шароитида рақамли иқтисодиётдан фойдаланишнинг жиҳатлари ҳамда замонавий география таълимининг долзарб масалалари таҳлил этилди.
Шуъбаларга бўлинган ҳолда давом этттирилган анжуман муҳокамалари жараёнида география фани олдида турган долзарб масалаларнинг ижобий ечимини топишга қаратилган ва юртимиздаги мавжуд муаммолар бартараф этилишига йўналтирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Мазкур анжуман география фанининг ривожига, соҳадаги глобал ва маҳаллий муаммоларни ҳал этиш омилларининг кенгайишига ва бу борадаги халқаро ҳамкорлик натижалари бўйича янада юқори самарадорликка хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.