"Эски бозор" қачон кўчирилади?
Гулистон деҳқон бозори бузилиб, янгисига кўчирилади, деган гаплар чиққанига ҳам ўн йиллар бўлиб қолди. Шу орада уч маротаба вилоят, шаҳар ҳокими, хуллас, "бозор бузиш", "бозор қуриш"га алоқадор раҳбарлар ўзгарди. Аммо янги лойиҳа асосида қурилган “Янги бозор”га кўчирилиши керак бўлган эски Гулистон деҳқон бозори бузилишга бузилдию, ўзгармасдан жойида бир ҳолатда қолиб кетди.
Шаҳарнинг Хондамир, Бунёдкор, Сайхун ва Халқлар дўстлиги кўчалари оралиғида жойлашган 21,2 гектарли (эски бозор ўрнида) ер майдонида «Guliston City» , унга алоқадор бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, фавворалар, ижтимоий ва бошқа объектлар қурилиши кўзда тутилгани, албатта, яхши. Чунки бугунги Гулистон кечаги Гулистон эмас. Шунга яраша одамларнинг ҳам дунёқараши ўзгарди, фикри ҳам.
–Бу масала юзасидан янги вилоят ҳокими томонидан алоҳида топшириқ бўлди,–дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдураҳим Умаров вилоят ҳокимининг қабулига мурожаат билан келган тадбиркорлар билан учрашув давомида.– Айни вақтда "Эски" деҳқон бозорининг ҳудудида белгиланган санитария қоидаларига зид равишда озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак маҳсулотлари билан савдо қилаётган сотувчи ва тадбиркорларни "Янги бозор" ҳудудига кўчириш, уларга муносиб шарт-шароит яратиш бўйича шаҳар ҳокими бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, иш олиб бориляпти.
Ҳақиқатдан ҳам вилоят раҳбари ўринбосарининг сўзида жон бор. Янги, замонавий лойиҳа асосида қурилган "Гулистон деҳқон", "Гулистон буюм" бозорларида шароитлар йўқ эмас, бор. Кўрган кўзни қувонтирар даражада. Бироқ дўконларнинг, савдо расталарининг ярми бўм-бўшлиги кишини ўйлантиради.
[gallery-21465]
Унда муаммо нимада, дейишингиз мумкин. "Муаммо эса, эски деҳқон бозорида. Чунки мазкур бозор вилоятнинг қоқ марказида жойлашган. Янги бозор эса бирозгина четда. Харидорларнинг келиб -кетиши билан боғлиқ муаммо бор" дейди ҳоким қабулига келган сотувчилар. – Янги бозорга кўчмаймизмас, кўчамиз, –дейди Сирдарё туманининг Бўстон маҳалласида истиқомат қилаётган Зилола Ҳакимова.– Аммо савдо бўлмаса-чи, кунлик тушум, рўзғор, фарзандларимни боқиш учун кетадиган 50-60 минг сўмлик пулни кимдан оламан. Ногирон фарзандим бор. Уни боқиш, дори-дармони учун кетадиган пулни ҳўл мева сотиб топаман. Масаланинг оғриқли жойи ана шунда,–дейди у.
–Зилоланинг сўзида жон бор, янги бозорда бироз савдо қилиб кўрдим,–дейди ҳўл мева билан савдо- сотиқ қиладиган гулистонлик Хурсаной Пўлатова. – Фойда ўрнига қарзга кириб кетдим. Тўрт- бешта сотувчи, тадбиркорни кўчирган билан иш битмайди. Биратўла ҳаммани кўчириш керак. Шунда харидорлар эски бозорга эмас, янги бозорга боради. Энг ачинарли томони, эски бозор, унинг ҳудудида савдо -сотиқ қилаётган сотувчилардан ундириладиган, маҳаллий бюджетга тушадиган бир марталик патта пули, йиғимлар ҳавога учяпти.
–Бошқа муаммоларни қўятуринг, эски бозордаги муаммоларни кўрган кишининг кўнгли беҳузур бўлиб кетади. Бирон бир узоқдан келган яқинингни бозорга олиб келишга, айлантиришга уяласан. Нима эмишки, "Guliston City" қурилармиш. Бу яхшидир, лекин ундан олдин “Эски бозор”нинг “эски” муаммоларини бартараф этиб, ишни бошлаганга нима етсин. Ҳайҳотдек бўлмаса-да, кичкина шаҳарга ўзгаришлар жуда ярашади,–дейди гулистонлик Барчиной Суюнова.–"Эски" деҳқон, буюм, “эски темир-терсак” бозори шу бугунги кунда аянчли, оғир аҳволда, шаҳар ҳуснидаги "доғ" бўлиб турибди. Лекин буни мазкур бозор ҳудудида ноқонуний тартибда савдо-сотиқ қилаётган сотувчилар англаб етаётгани йўқ. Қанча даражада тарғибот, тушунтириш ишлари ўтказилса-да, сотувчилар ёзда чанг, ёғингарчилик кунларда лой ва балчиққа беланганча, санитария қоидаларига зид равишда савдо фаолиятини давом эттиряпти.
Бу масаланинг бир томони, аммо унинг иккинчи томони ҳам бор. Улар томонидан харидорга сотилаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ҳеч ким касал бўлмайди, деб ким кафолат беради. Албатта, ҳеч ким. Бу ҳақда сотувчилар ўйлаб кўришлари керак.
Агар ушбу тадбиркору сотувчилар “эски деҳқон, буюм, темир-терсак бозори” ҳудудида эмас, янги бозор ҳудудида фаолият кўрсатса борми, миллион-миллион маблағлар ҳавога эмас, маҳаллий бюджетга тушарди. Бунинг маълум бир қисми ҳисобидан янги бозор янада кўркамлашиб, унинг инфраструктураси янада ривожланарди.
Менимча, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрадиган, муаммони чўзмасдан тезда бартараф этадиган вақт келди. Бу мавзуга яна қайтамиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири