Эртамиз эгаларининг тақдирига бефарқ бўлмайлик!
Ёшлик – инсоннинг порлоқ келажаги учун уруғ қадайдиган эзгулик палласи. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг салоҳиятини ошириб борган, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга киришган инсоннинг эртаси нурафшон бўлади.
Аҳамиятлиси, сўнгги йилларда юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аммо шу билан бирга, бугун жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ёшлар ўртасида кузатилаётгани ва таассуфки, кўпайиб бораётгани ҳам аччиқ ҳақиқатдир. Бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари маҳаллаларда, таълим муассасалари ҳамда корхона ва ташкилотларда аҳоли билан яқиндан суҳбатлашиши, айниқса, профилактика инспекторлари томонидан ўзи бириктирилган ҳудудда содир этилган жиноятлар тўғрисида берилган кунлик маълумотларни таҳлил қилиб, ҳар бир жиноятни маҳаллада кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш амалиётини янада кучайтириши зарур.
Бинобарин, маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар, кенг жамоатчилик ўртасида ўтказиладиган муҳокамалар натижасида ҳуқуқбузар ёки жиноятчи ўз хатти-ҳаракатидан уялади, афсус чекади, ўз қилмишининг ижтимоий оқибатини тўлиқ англаб етади. Алалхусус, “Касални даволагандан кўра, олдини олган маъқул”, деган нақлга амал қилган ҳолда жиноят билан курашишда дастлаб ёшларни жиноят қилишга ундайдиган сабаблар, ҳолатларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш устувор мақсадга айланиши керак.
Давлатимиз раҳбари ёшлар тарбияси бутун миллат олдидаги улкан масъулиятли вазифа эканлигини таъкидлаб, “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”, деган хитоблари бизни огоҳлик ва хизмат вазифамизда доимо масъулиятли бўлишга ундайди.
Зеро, бугун дунё кўзда ҳалқаланган ёшдек қалқиб турган бир пайтда ёшларни чалғитувчи, уларни ўз домига тортишни истовчи турли кучлар кўпайиб боряпти. Энг ачинарлиси, дунёнинг қайси бурчагида бирор жиноят содир этилса, албатта, бу жараёнда ёшларнинг “қўлидан” фойдаланиляпти.
Халқимизнинг буюк маърифатпарвар алломаси Абдулла Авлоний ҳам ёшлар тарбиясини бежиз “ҳаёт-мамот масаласи”, деб таърифламаган. Зеро, тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф бўлмайди. Ёшларнинг жиноятга қўл уриши тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча Фарғона вилоятига ташрифи давомида бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, келгусидаги вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, танқидий-таҳлилий ўтган йиғилишда сўз юритилган масалаларни қисқача тезис шаклида ёдга олсак:
Биринчидан, йиғилишда мамлакатимиз бўйича криминоген вазият мураккаб бўлган, “қизил” тоифага киритилган маҳаллалар энг кўп Тошкент шаҳри, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларига тўғри келгани кўрсатиб ўтилди.
Иккинчидан, Ички ишлар вазирига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишлари қониқарсиз йўлга қўйилгани кўрсатиб ўтилди.
Учинчидан, маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш бўйича янгича иш тартибини белгилаб берилди.
Тўртинчидан, Ички ишлар ва Рақамли технологиялар вазирликларига икки ой муддатда ҳар бир вилоят-туман-маҳалла кесимида ижтимоий ва криминоген муаммоларни рақамлаштириш орқали “Ижтимоий вазият” ахборот тизимини ишга тушириш топширилди.
Бешинчидан, йиғилишда жиноят қилган шахсларнинг ҳар учинчисини ёшлар ташкил қилаётгани таъкидланди.
Олтинчидан, уюшмаган ёшлар билан ягона ёндашув асосида ишлашни йўлга қўйиш мақсадида Идоралараро кенгаш ва ҳудудий кенгашлар ташкил қилиниши белгиланди.
Еттинчидан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят ҳокимлари билан бирга йил якунига қадар барча ҳудудларда аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатувчи “Инсон” марказларини ишга туширади.
Саккизинчидан, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жамоатчилик назоратида” тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш йўлга қўйилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида жиноят қилишга мойиллиги бор оғир аҳволдаги аҳоли билан “ижтимоий профилактика” тамойили асосида ишлаш бўйича “маҳалла бешлиги”нинг вазифаларини аниқ белгилаш, ёш тоифаси, ижтимоий ва моддий аҳволидан келиб чиқиб, уларнинг ҳар бир гуруҳи учун алоҳида методика ишлаб чиқиш топширилди.
“Эътибор беринг, ёшлар жиноятчилигининг катта қисми назоратсиз қолган вояга етмаганлар томонидан содир қилинмоқда. Энг ачинарлиси, вояга етмаганлар ичида ўта оғир жиноят содир этганлари ҳам бор”, деди давлатимиз раҳбари.
Билъакс, жондан азиз фарзандларимизни ёшлигидан қандай тарбияласак, шундай вояга етади. Бунда, албатта, оила, маҳалла, жамиятдаги муҳит муҳим аҳамиятга эга. Ўзи, оиласи, халқи, маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кўчасига кирмайди. Бунга эришиш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши, бурчини сидқидилдан бажариши лозим.
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумуд дин” китобида бундай дейилади: “Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи. Қандай нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади. Ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берган устозлар унинг савобига шерик бўлди. Агар ёмонликка ундалса, ҳалок бўлади”.
Мухтасар айтганда, келажагимиз ёшларнинг қўлида эканини унутмайлик! Ўғил-қизларимиз юртга дахлдорлик ва бунёдкорлик ташаббуслари билан фаол бўлишларини ва мана шундай ишлар амалга оширилишини таъминлаш учун барчамиз бирдек ҳаракатда бўлишимизни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.
Эркинжон МАҲМУДОВ,
Қўқон шаҳар адлия бўлими бошлиғи.
ЎзА