Бугун Термиз шаҳар ҳокимлиги, туризм ва спорт бўлими ҳамкорлигида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни оммавий спортга кенг жалб этиш мақсадида мутасадди раҳбарлар ва аҳоли иштирокида "Бир кунда 5 минг қадам юр!" шиори остида пиёда юриш марафони ўтказилди.
-Пиёда юриш айниқса, субҳидамда сайр қилиш саломатлик учун кони фойда,-дейди меҳнат фахрийси Шокир Хўжаев.- Юрак-қон томир касалликлари хавфининг олдини олади, танадаги ортиқча калорияни йўқотишга ёрдам беради. Бу илмий асосланган гап. Бир кунда беш минг қадам юрган инсоннинг тетик, соғлом ва кун бўйи кайфияти чоғ бўлишини ўзим ҳам синовдан ўтказганман. Шу боис пиёда юришни канда қилмайман.
Эрталабки бадантарбия машғулотлари билан бошланган марафон Кураш мажмуасидан Навбаҳор кўчаси бўйлаб, Турон тўйхонасигача давом этди.
-Тонгда тоза ҳавода сайр қилиш, пиёда юриш, югуриш ва бадантарбия машқларининг саломатлик учун фойдасидан баҳраманд бўлаётган ҳамшаҳарларимиз сафи ортиб бормоқда,- дейди Термиз шаҳар туризм ва спорт бўлими бошлиғи Илҳом Абсаттаров.- Юришни янада оммавийлаштириш учун фаол нуроний отахон ва онахонларимиз, ёшларимиз иштирокида тарғибот тадбирларини олиб бораяпмиз. Йил давомида олиб бораётган бу ишимиз одамлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ўз самарасини бермоқда.
Сурхондарё вилоят туризм ва спорт бош бошқармасидан маьлум қилишларича, пиёда юришни тарғиб қилишга йўналтирилган мазкур марофон воҳа туманларида ҳам тез-тез ўтказилиб, соғлом ҳаётнинг бирламчи муҳим омили тарғиб қилинмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА