Эрон зарбаси кучаймоқда: навбатда Ўмон кўрфази
24 соат ичида Форс ва Ўмон кўрфазлари яқинида икки савдо танкерига зарба берилди. Ушбу ҳодиса Эроннинг денгиздаги амалиёти стратегик аҳамиятга эга Ҳурмуз бўғозидан ташқарига қараб кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Буюк Британия денгиз савдоси амалиёти агентлиги маълумотига кўра, чоршанба куни Қатар қирғоғи яқинида Антигуа ва Барбуда байроғи остида сузган “Acers” нефть ва кимёвий модда ташувчи танкерга бир неча снаряд теккан, қурбонлар борлиги ҳақида хабар берилган. Эртасига Фужайрадан тахминан 40 километр масофада яна бир танкерда ёнғин чиққан. Иккинчи фожеа сабаби ҳозирча аниқ эмас. Эрон ҳужумлар учун расман жавобгарликни зиммасига олмаган.
Инқилоб посбонлари корпусига алоқадор нашрлар ҳарбий ҳаракат бўғоздан ташқаридаги сув ҳудудига ҳам ёйилганига ишора қилди. Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги кескинлик кучайган бир пайт Ислом Республикаси ҳарбий раҳбарлари можаро Ҳинд океанигача кенгайиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Демак, дунё энергетика хавфсизлигига таҳдид янада кучайиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА