IRNA ахборот агентлиги Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар соҳа вазирларининг Хитойда бўлиб ўтган саккизинчи йиғилиши доирасида Эрон соғлиқни сақлаш, даволаш ва тиббий таълим вазири Муҳаммад Ризо Зафарқандий ўзбекистонлик ҳамкасби Асилбек Худоёров билан учрашганини ёритди.
Йиғилишда Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистондан масъуллар ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти юқори мартабали вакиллари иштирок этган.
24 апрель куни бошланган “Саломатликни барқарор ривожлантириш ва умумий соғлом келажакка кўмаклашиш” мавзусидаги бир ҳафталик тадбирда асосий эътибор бирламчи тиббий ёрдам орқали тизим барқарорлигини кучайтириш, хавф ва фавқулодда вазиятларни бошқариш, телемедицина ва сунъий интеллект каби рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда хизматни яхшилаш, анъанавий тиббиётни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилади.
Зафарқандий Эрон ва Ўзбекистон ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласига тўхталиб, ишни самарали давом эттириш учун икки давлат вакилларидан иборат ҳамкор ишчи гуруҳ тузилишини маълум қилди. Мамлакати жигар трансплантацияси, саратон, ҳужайра ва ген терапияси, юрак-қон томир жарроҳлиги каби муҳим йўналишларда шерикликка тайёрлигини билдирди. Шунингдек, туризм соғлиқни сақлаш дипломатиясини ривожлантириш учун яхши асос бўлиб, ҳар икки давлатга салмоқли фойда келтиришига эътибор қаратди.
Эрон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, озиқ-овқат ва дори воситалари бошқармаси раҳбари Маҳдий Бирсолиҳий фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик дори воситаларини ўзаро рўйхатга олишни тезлаштириш орқали кенгайишига умид билдирди.
Ўз навбатида А.Худоёров теран тарихга эга Эрон – Ўзбекистон муносабатларини янада ривожлантириш умумий манфаат келтириши, ҳозиргача эришилган келишувлар ҳаётга самарали татбиқ этилаётганига урғу берди.
Тиббиёт таълими мавзусига алоҳида тўхталган Ўзбекистон вазири профессор-ўқитувчилар ва талабаларни кенг ва тор мутахассисликлар бўйича тажриба алмашишга чақирди.
ШҲТга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш вазирлари 8-йиғилишида икки ҳужжат имзоланиши кутиляпти: анжуман декларацияси ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракат режаси.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА