Эрон МАГАТЭ билан ҳамкорликка тайёр(ми)?
Эрон МАГАТЭ билан “юқори даражада”ги мулоқотга доир муаммоларни ҳал қилишга тайёрлигини, шунингдек, техник муҳокамани давом эттириш нияти борлигини билдирган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур нуфузли ташкилот Бош директори Рафаэль Гросси Ислом Республикаси томонидан берилган кафолатни олқишлаган. Теҳрон ва агентлик Фордо ядровий иншоотидаги, 83.7 фоиз бойитилган уран зарралари келиб чиқиши эҳтимолини тўлиқ аниқлаш учун техник мунозарани бошлади.
Эрон, ўз навбатида, МАГАТЭга текшириш ва мониторинг фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ниятида. Жараён шарти кейинги муҳокамада келишиб олинади.
Бундан ташқари Эрон халқаро мутахассисларни учта ядровий объектга киритишни таъминламоқчи. Томонлар мамлакатнинг “ҳуқуқи ва мажбурияти” ҳамда агентлик ваколати асосида ҳамкорлик қилишга келишган.
Шанба куни Гроссини Президент Иброҳим Раисий қабул қилган. Учрашувда МАГАТЭ билан ҳамкорлик йўлга қўйилишини назарда тутувчи қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинган.
А.Ғуломов