Эрон фуқаролари Пайариқда ўғирлик қилди
2021 йил 12 сентябрь куни Пайариқ тумани ИИБга фуқаро Б.Ш. ариза билан мурожаат қилиб, шу куни соат 17:00 ларда савдо дўконига ташқи кўринишидан чет давлат фуқаросига ўхшайдиган бир эркак ва аёл киши келиб, турк тилида гапириб, 100 АҚШ доллари пулларини иккита 50 АҚШ доллари купюраларига алмаштириб беришини сўраганлигини, Б.Ш. дўконидаги сейфидан купюраларни уларга олиб бераётган вақтида, ўша эркак киши сейфидаги 5 минг 100 АҚШ долларини ўғирлаб олиб, ёнидаги аёл билан бирга чиқиб кетганлигини, ушбу шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Хавфсиз туризмни таъминлаш ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида, ушбу жиноятни Эрон Ислом Республикаси фуқаролари – 1958 йилда туғилган Р.А. ҳамда унинг турмуш ўртоғи 1980 йилда туғилган С.Д. содир этганлиги аниқланиб, Тошкент шаҳри ҳудудида далилий ашёлар билан қўлга олинган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА