Футбол бўйича "CAFA Nations Cup" турнирининг гуруҳ босқичи Ўзбекистон ва Тожикистонда ўтаётганидан хабарингиз бор. Кеча "B" гуруҳида учинчи тур учрашувлари якунланган бўлса, бугун “А” гуруҳида сўнгги тур баҳслари ўтказилади.
"B" гуруҳида 3-тур доирасида Эрон ва Афғонистон терма жамоалари баҳсида ҳисоб очилмаган бўлса, Ҳиндистон ва Тожикистон термалари 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.

Натижада Эрон 7 очко билан пешқадам сифатида финалга йўлланмани қўлга киритди. Ҳиндистон эса 4 очко жамғариб мусобақанинг учинчи ўрни учун курашадиган бўлди. Мусобақа мезбонлари ҳам 4 очко тўплаган бўлса-да, голлар нисбатига кўра гуруҳда 3-ўринни банд этган ҳолда қолиб кетди. Афғонистон эса 1 очко билан 4-поғонага жойлашди.
Бугун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси "CAFA Nations Cup" турнирининг "А" гуруҳида Қирғиз Республикасига қарши "Олимпик" стадионида баҳс олиб боради. Шунингдек, Туркманистон термаси Ўмон билан рақобатлашади.
Айни дамда Ўзбекистон ва Ўмон ҳисобида 4 очко бор. Қирғиз Республикаси ва Туркманистон эса 1 очко билан 3-турга етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, гуруҳни 1-ўрин билан якунлаган жамоа финалда Эрон билан тўқнаш келади. 2-ўринни олиб, кейинги босқичга йўл олган жамоа мусобақанинг 3-ўрни учун баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА