"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2021 йил учун тузилган молиявий ҳисоботига "Ernst & Young" халқаро компанияси томонидан ижобий аудиторлик хулосаси берилди.
Бу ҳақда жамият матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2020 йил 24 февралдаги қарорини ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ишлар натижасида "Ernst & Young" компанияси жамиятнинг 2019–2020 йиллардаги ҳисоботи учун ижобий аудиторлик хулосаларини берган эди.
2021 йил якунлари бўйича “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботини ушбу ташкилотда тўлиқ жорий қилиш ҳамда уни аудитдан ўтказиш бўйича энергетика тармоғидаги корхоналар миқёсида биринчилардан бўлиб ижобий аудиторлик хулосасини олди.
“Ernst & Young” МЧЖ аудиторлик компанияси мутахассислари томонидан МҲХС асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботни аудитдан ўтказиш йўналишидаги ишлар 2022 йилнинг апрель ойидан бошлаб жорий йилнинг июнь ойи якунига қадар бўлган даврни қамраб олди.
МҲХС асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботлар бўйича кетма-кет уч йил давомида қўлга киритилган ижобий аудиторлик хулосаси “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан кейинги ютуқларга эришиш, шу жумладан, халқаро кредит рейтинги қўлга киритилиши учун муҳим қадам бўлиб ҳисобланади.
ЎзА