“Ернинг кўринмас қалқони”: озон қатламини қандай асраяпмиз?
16 сентябрь — Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни
Озон қатлами – Ернинг юқори қатламларидаги кўринмас, аммо беқиёс аҳамиятга эга бўлган “қалқон”. У инсониятни ва барча тирик жонзотларни зарарли ультрабинафша нурлардан ҳимоя қилади.
Мазкур қатлам бўлмаса, тери саратони, кўз касалликлари кескин кўпайиши, қишлоқ хўжалиги ва экотизимлар издан чиқиши муқаррар эди. 1980-йилларда олимлар томонидан далиллар билан шу қатламнинг зарарли кимёвий моддалар таъсирида емирилаётгани аниқланди. Бу инсон тарихида илк бор глобал экологик ҳамкорликнинг бошланишига туртки берди.
16 сентябрь — Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни. Бу сана инсоният учун муҳим экологик муаммолардан бирига — Ерни Қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилувчи озон қатламини асрашга эътибор қаратиш мақсадида нишонланади. Ушбу сана 1987 йил 16 сентябрда озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи имзолангани билан боғлиқ. 2026 йилги мавзу “Совуқроқ сайёра учун глобал ҳаракат” бўлиб, Монреаль протоколи ва унинг Кигали тузатишининг глобал иқлим ҳамда озон қатламини муҳофаза қилишдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Монреаль протоколида озон қатламига зарар етказувчи қарийб 100 турдаги кимёвий моддадан фойдаланиш ва уларни ишлаб чиқаришни босқичма-босқич қисқартириш чоралари белгиланган. 2016 йилда Руанданинг Кигали шаҳрида қабул қилинган Кигали тузатиши эса ушбу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқди. У кучли иссиқхона газлари ҳисобланган гидрофторуглеродларни (HFC) босқичма-босқич камайтириш ҳамда энергия тежамкор ва экологик хавфсиз совитиш технологияларига ўтишни жадаллаштиришни кўзда тутади.
Ўзбекистон томонидан озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича бир неча йўналишда ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мамлакат 1993 йил 18 майда Вена конвенцияси ва Монреаль протоколига қўшилган. Кейинчалик Лондон, Копенгаген, Монреаль ва Пекин тузатишларини ратификация қилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 январдаги 17-сон қарори асосида озонни бузувчи моддалар ҳамда таркибида улар мавжуд маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш давлат томонидан тартибга солинади. Бундан ташқари, HCFC моддаларидан босқичма-босқич воз кечилмоқда. Совитиш ва кондиционер тизимларида қўлланадиган гидрохлорфторуглеродлар (HCFC) озон қатламини емирувчи моддалар ҳисобланади. Монреаль протоколи доирасида Ўзбекистон учун уларни қисқартириш бўйича аниқ босқичлар белгиланган. Айни дамда мамлакатда озон қатламини емирувчи моддаларнинг 99,9 фоизи муомаладан чиқарилган. Бу Монреаль протоколи мажбуриятларини бажариш бўйича сезиларли натижадир.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, озон қатламининг ўртача қалинлиги тахминан 3 миллиметрга тенг. Озон молекулалари (O₃) Ер юзидан 10 километрдан 50 километргача бўлган оралиқда тарқалган. Озон қатламига хавф туғдирувчи моддалар, асосан, хлорфторуглеродлар, галлонлар, метилбромид ва бошқа кимёвий моддалардир. Ушбу моддаларнинг атмосферага чиқиши озон молекулаларини парчалайди. Озон қатламининг емирилиши эса нафақат инсон саломатлиги, балки атроф-муҳит учун ҳам жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Озон қатлами – кўзимизга кўринмайдиган, аммо ҳаётимиз учун жуда муҳим қалқон, табиатни асрашни кечиктириш эса инсоният саломатлиги учун қимматга тушиши мумкин. Уни асраш – фақат олимлар ёки давлатлар эмас, балки ҳар бир инсоннинг масъулияти.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА