Айни кунларда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Аҳоли орасида мазкур қонун лойиҳаси акцияси мазмунини билмай туриб, нотўғри талқин қилиш ва оқибатда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, пала-партиш, пойдеворсиз бинолар қуриб, том қисмини ёпиб олишга уриниш ҳолатлари учрамоқда.
Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини, ерлардан мақсадли фойдаланишда қонунийликни таъминлаш мақсадида доимий равишда назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Уларда аниқланган ерга оид қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилаётир.
–Вилоят ҳудудида ерлардан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда, –дейди Кадастр агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси ер ва кадастр назорати шуъбаси бош мутахассиси Абдукарим Тойиров биз билан суҳбатда. –Шунга қарамасдан ерлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учраётгани ачинарлидир.
умладан, вилоятда жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида 521 та ҳолатда 18,53 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари бажарилганлиги аниқланди. Таҳлилларга кўра, ноқонуний фойдаланилган 18,53 гектар ернинг 9,1 гектари қишлоқ хўжалигига, 7,8 гектари аҳоли пунктларига, 0,09 гектари сув фонди, 1,1 гектари саноат, транспорт, алоқа, мудофаа, тарихий-маданий аҳамиятга молик объектларга, қолган қисми эса захира ерларга тегишли экани маълум бўлди. Бунинг 10,7 гектари уй-жой қуриш, 6,34 гектари нотурар жой барпо этиш учун, қолган қисми эса бошқа мақсадларда эгаллаб олинган.
Ер муносабатлари билан боғлиқ дуч келинган 521 та қонунбузилишни содир этган шахсларга огоҳлантириш хатлари, кўрсатмалар юборилган. 247 та ҳолатда қонунга зид ҳолатлар ихтиёрий равишда бартараф этилган. Юқоридаги каби нуқсонлар дронлар ёрдамида аниқланиб, космик суратлар билан таққосланмоқда. Аҳоли вакиллари орасида ер майдонларини ҳужжатлаштириш бўйича имтиёзларни нотўғри талқин қилиб, ноқонуний қурилишларни амалга ошириш ҳолатлари учраб турибди. Имтиёзлар фақат узоқ йиллардан буён яшаб келаётган фуқароларнинг уй-жойига нисбатан тадбиқ қилинишини тушунтиряпмиз.
Зеро, юртимизда ҳар бир қарич ер давлат назоратида. Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, уларда ноқонуний қурилмалар қуриб олиш эса маъмурий ёки жиноий жавобгарликка олиб келади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири