Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ер майдонлари хусусан, суғориладиган унумдор ерлардан оқилона фойдаланишда муҳим дастурил амал бўлмоқда. Шунга мувофиқ, Бухоро вилоятида ҳам ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, муҳофаза қилиш ва ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Бошқармамиз ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга чек қўйиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ер ва кадастр назорати бўлими бошлиғи Абдукарим Тойиров. – Асосий эътибор ерга бўлган ислоҳотларни янада ривожлантириш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш, ер тўғрисидаги қонунлар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатишга қаратилмоқда. Ўтказилаётган мониторинг ва назорат тадбирларида қонун бузилишларни олдини олиш, бундай ҳолатларнинг бартараф этилиши ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли назорат ҳужжатлари қўлланилиши таъминланмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 864 ҳолатда 135,1 гектар ер майдони фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳар бир ҳолат юзасидан огоҳлантириш хатлари берилди. Зеро, амалдаги қонунларга кўра, давлат мулки бўлган ердан оқилона фойдаланиш ва талон-тарож қилинишига йўл қўймаслик ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Олинган маълумотларга кўра, йилнинг ўтган даврида 215 ҳолатда 87,36 гектар ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдони ўз ҳолига қайтарилган. 556 ҳолатдаги 36,07 гектар ер майдони бўйича судларга даъво аризалари киритилган. Суғориладиган ерларда ноқонуний қурилиш ишлари олиб боргани учун 30 та ҳолатда 6,4 гектар ер майдони бўйича тўпланган ҳужжатлар қўшма тартибда прокуратура органларига юборилган. Хусусан, қонунга зид энг кўп ер майдонлари ўзлаштирилган Ғиждувон туманида 114 та, Олотда 95 та, Бухоро туманида 88 та ва Шофирконда 86 та ҳолат бартараф этилиб, ерларни талон-тарож қилиниши бартараф этилган.
Ер муносабатларида аниқланган қонун бузилишлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига асосан 2 минг 400 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсга етти миллиард сўмдан зиёд жарима қўлланилиб, ҳозиргача унинг икки миллиард сўмдан ортиғи ундирилган.
Зариф Комилов, ЎзА