Президентимиз томонидан 2024 йил 14 февралда имзоланган “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармон томорқадан унумли фойдаланиш, аҳоли даромадини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Айниқса, бу жараён Жиззах вилоятида фаол ривож топмоқда. Қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли томонидан ердан оқилона ва самарали фойдаланиш, ҳар бир қарич майдонни даромад манбаига айлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Зомин туманининг “Ширин” маҳалласида жойлашган Қудуқча қишлоғида истиқомат қилувчи Назарқосим Марқабоевнинг томорқаси бу борада ёрқин мисол бўла олади. У киши ўз хонадонида 175 туп узум кўчатини парваришлаб, уларни яхшигина токзорга айлантирди.

Марқабоев парваришлаётган “Чарос”, “Кишмиш” ва “Ризамат” каби узум навлари нафақат юқори ҳосилдорлиги, балки ширинлиги, бозорбоплиги ва узоқ муддат сақланиш хусусиятлари билан ҳам ажралиб туради. Бу меҳнат натижасида оила бугун ўз томорқасидан нафақат озуқа, балки мустаҳкам даромад манбаини ҳам топган.
Узумчилик, шубҳасиз, ер ва инсонни синайдиган касб. Назарқосим ака таъкидлаганидек, бу иш сабр, меҳнат ва доимий парваришни талаб қилади. Аммо натижаси ҳам шунга яраша – нафақат дастурхон тўкин, балки оила иқтисоди ҳам мустаҳкамланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, узумзорнинг бўш жойлари ҳам бекор ётмаяпти. У ерларда қовун, тарвуз, помидор ва бодринг сингари сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилаётир. Ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш ҳисобига томорқа ҳақиқий хазинага айланган.
Бугун Қудуқча қишлоғида кўплаб оилалар томорқадан оқилона фойдаланиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган. Улар узумчилик, сабзавотчилик ва боғдорликни ривожлантириб, нафақат ўз даромадини оширишмоқда, балки маҳалланинг ижтимоий ва иқтисодий фаровонлигига ҳам ҳисса қўшишмоқда.

Бу каби ташаббуслар “Ҳар бир оила – тадбиркор” ғоясининг амалий ифодаси, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар эса халқ ҳаётида ўз самарасини бераётганининг ёрқин далилидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари