Ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланмоқда
Фарғонада ирригация-мелиорация тизимида амалга оширилаётган ишларга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Фарғонада ирригация-мелиорация тизимида амалга оширилаётган ишларга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан сув хўжаликлари, ҳавза бошқармалари, ирригация-мелиорация тизими мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, лойиҳа институтлари раҳбарлари, мазкур тармоққа хизмат кўрсатувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ва сувдан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
2013-2015 йилларда Фарғона вилоятида 55 миллиард 848 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, 43,1 километр узунликда очиқ коллектор-дренаж ва 9,3 километр ёпиқ-горизонтал дренаж тармоқлари, 4 мелиоратив насос станцияси, 61 вертикал дренаж ва 573 кузатув қудуғи, 35 гидропостлар қурилди ва реконструкция қилинди. Шу билан бирга, 4 минг 842 километрлик коллектор-дренаж тармоғи, 1103 гидротехник иншоот таъмирланди ва тикланди.
– Суғориладиган ерларда ҳосилдорликни ошириш кўп жиҳатдан ернинг мелиоратив ҳолатига боғлиқ, – дейди “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Раҳматуллаев. – Мамлакатимизда кейинги йилларда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина Фарғона вилоятида олиб борилган тадбирлар натижасида 108 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Ўртача ва кучли шўрланган майдонлар 22 минг гектарга, ер ости сув сатҳи икки метргача бўлган майдонлар 23 минг гектарга камайди. 18 минг 200 гектар ернинг сув таъминоти яхшиланишига эришилди. Лойиҳалар амалга оширилган ҳудудлардаги фермер хўжаликларида пахта ҳосилдорлиги ўртача 2-3 центнер, бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги 3-4 центнерга ошди.
Жорий йилда қарийб 1852 километр коллектор тармоқлари, 384 тик зах қочириш қудуғини таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Яқинда “Фарғона ва Зарафшон водийларида сув ресурсларини бошқариш” лойиҳаси доирасида Данғара насос станцияси 8,6 миллион доллар ҳисобига реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Семинар доирасида иштирокчилар вилоятда сув ресурсларини бошқариш, интенсив боғ майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш технологиялари, сув тақсимлаш бўлимларида балиқчилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавот ва полиз экинлари, иссиқхоналар барпо этиш тажрибаси билан танишди.