Мамлакатимизда ерга оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан жойларда Кадастр агентлиги ва унинг қуйи тизимидаги ер ва кадастр назоратчилари томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ва уларни бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ЎзА мухбирига Кадастр агентлиги Ер ва кадастр назорати бошқармаси бошлиғи Мурод Файзуллаев қуйидагиларни маълум қилди.
– 2021 йилнинг ўтган даври сарҳисобига кўра, ер ва кадастр назоратчилари томонидан аниқланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари республикамиз бўйлаб 6 799 ҳолатда, жами 1467 гектар майдонни ташкил этади.
Фуқароларимиз ва «уддабурон тадбиркорлар»имиз уй-жой қуриш мақсадида 4 224 та ҳолатда 406 гектар, нотурар жой қуриш мақсадида 1 584 та ҳолатда 166 гектар, томорқа сифатида фойдаланиш мақсадида 437 та ҳолатда 203 гектар, балиқ ҳовузи қилиш мақсадида 32 та ҳолатда 245 гектар, тупроқ карьер қилиш мақсадида 111 та ҳолатда 9 гектар ва бошқа мақсадларда 411 та ҳолатда 437 гектар ер майдонларини эгаллаб олишган.
Кадастр агентлигининг ҳудудлардаги ер ва кадастр назорати бўйича инспекторлари томонидан ер қонун бузилишини содир этган 6 минг 332 та шахсга, 158 ердан фойдаланувчи субъектга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди. Бундан ташқари, туман (шаҳар) ҳокимлигига 4 914 маротаба тақдимнома, прокуратура органларига 2 785 та маълумотнома, судларга 4 минг 391 та даъво аризаси киритилган.
Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари асосан Тошкент, Наманган, Хоразм вилоятларида кўп содир этилган.
Шу билан бирга, кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан 907 та ҳолатдаги 193,6 гектар ер майдонидаги қонунбузилиш ҳолати жойида бартараф этилган бўлиб, бу ноқонуний эгаллаб олинган ерларнинг 13 фоизини ташкил этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги вилоят (туман) бошқарма ва бўлимлари томонидан Президентимизнинг 2021 йил 24 февралдаги ПҚ-5006-сонли қарори ижроси юзасидан Ер участкаларини ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатини аниқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш бўйича 8 минг 924 та ҳолатда фуқаролар томонидан давлат рўйхатидан ўтказилмаганлик ҳолати аниқланди. Тегишли чоралар кўрилиши натижасида ер участкаларининг давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланди.
Умид қиламизки, ер назоратчи инспекторлари томонидан ердан фойдаланувчи субъектларга берилган ёзма кўрсатмалар, туман (шаҳар) ҳокимлигига киритилган тақдимномалар, прокуратура органларига киритилган маълумотлар, судларга киритилган даъво аризалари ўрнатилган тартибда қисқа муддатларда кўриб чиқилади ва ўзининг мантиқий якунини топади.
Қонунларимизда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига нисбатан тегишли қатъий жазо чоралари белгиланган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ер халқимизнинг бойлиги. Уни асраб-авайлаш, ундан тўғри фойдаланиш ва қолаверса, келажак авлодга тўла-тўкис етказиб беришга ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмайлик.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА