Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бозорларимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нарх-навосини барқарорлаштириш борасида “даладан — дастурхонга” тамойили асосида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етарли даражада етиштиришда мавжуд ерлардан ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг йиғилишида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш ва улардан самарали фойдаланишга қаратилган қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари дала четларидаги коллектор-дренаж ва суғориш тармоқларининг атрофларидаги ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ўн йилгача бўлган муддатга қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда иккиламчи ижарага бериш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ердан фойдаланувчиларнинг дала четлари ва коллектор-дренаж ҳамда суғориш тармоқларининг атрофларидаги ер майдонлари, шунингдек, боғ ва токзор қатор ораларидан самарали ва оқилона фойдаланишини таъминлашга доир мажбуриятлари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига сув объектларида сувнинг оқилона бошқарилиши, сувдан фойдаланиш, сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш ҳуқуқлари берилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аграр соҳада аҳоли бандлигини, озиқ-овқат хавфсизлигини, нарх барқарорлигини таъминлашга ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА