Эркинжон Турдимов болаларни табриклади
Бугун халқаро болаларни ҳимоя қилиши куни Самарқандда ҳам кенг нишонланмоқда. Барча туман ва шаҳарлардаги истироҳат боғлари, хиёбонларда карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда болалар иштирокида концертлар, спорт ўйинлари, маданий дастурлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида, “Ёшлик” истироҳат боғида бугун аттракционлар болажонларга бепул хизмат қилмоқда. Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, спорт мактаблари ўқувчилари иштирокида тадбирлар уюштирилди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳрида жойлашган 59-сонли мактаб-интернатида бўлиб, бу ерда таълим-тарбия олаётган болажонларни байрам билан табриклади ва уларга эсдалик совғалари топширилди.

Вилоят раҳбари болажонлар билан бир дастурхон атрофида ўтириб, улар билан дилдан суҳбатлашди. Ўзининг болалик йиллари ҳақида гапириб бериб, тарбияланувчиларнинг орзу-мақсадларини эшитди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА