Эркинлик дегани учун қонга ботирилган эл
Дунёда ҳеч бир халқ ўз-ўзидан эркин ва фаровон ҳаёт кечирмагани тарихдан маълум. Бунинг яққол далили деярли ҳар бир мамлакат ёки халқнинг озодлик куни, мустақиллик байрами борлигидир.
Неъматлар ичида озодлик, ҳурликдек кўзга тўтиё қилинадигани кам. Чунки озод бўлмаган халқ тарих саҳнасида яшаб қолиши даргумон. Озод бўлмай туриб, ўз мақсад-муддаосига етиш, ҳатто эркин саждага бош қўйиш ҳам маҳол.
Шу маънода, халқ озодлиги учун курашганлар асл қаҳрамонлардир. Халқ токи мавжуд экан, миллий қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмайди.
Мисол учун, собиқ Чор Россияси босқинига қарши курашган ва бу йўлда жон фидо қилган Носирхон Тўра, Иброҳим Чўқабой ўғли (Иброҳим Лақай) номи мана аср ошса ҳамки халқ ичра яшаб келади. Ваҳоланки, улар ҳақида китобларда кам ёзилган, уларнинг ҳар куни кўзимиз тушадиган ҳайкали ҳам йўқ.
Большевиклар юртимизга бостириб келганида мана шу боболаримиз айни навқирон ёшда бўлишган. Улар Туркистон мухторияти тузилишида фаол иштирок этган. Уларнинг асл мақсади мустақил Туркистон давлатини барпо этиш бўлган.
Аммо бу эзгу мақсад большевиклар томонидан 72 кунда қонга ботирилган. Озодлик учун курашга бел боғлаган ўн минглаб йигитлар қириб ташланган. Ҳатто бешикдаги болалар ҳам омон қолмаган...
Бу воқеани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи директори, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди раиси, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасанов сўзлаб берди.
- Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида тарихий ҳақиқат ва адолат тикланди, - дейди Бахтиёр Ҳасанов. – Айтиб ўтиш керакки, мустақиллик йилларида миллий маънавиятимиз, қадриятларимиз, урф-одатларимиз, дину диёнатимизни халқимизга қайтариш бўйича жуда катта буюк ишлар амалга оширилди. Кўплаб жадидчи боболаримиз, машҳур шахслар номлари оқланди. Лекин бир вақтлар ўз юрти озодлиги учун курашган, бироқ босқинчилар томонидан “босмачи” тамғаси босилган кўпчилик боболаримизнинг номлари ҳали оқланмаган эди. Ҳолбуки, улар юрт озодлиги учун курашган, бугун биз байрам қилаётган Мустақиллик учун жонларини фидо қилган асл қаҳрамонлардир.
Бундай қаҳрамонларнинг номини оқлаш, хотирасини абадийлаштириш ишлари 2017 йил 31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қатоғон қурбонлари музейига ташрифидан кейин кучайди.
Чунки ушбу ташриф давомида Президентимиз музей залларини айланаркан, “бу музей – музейларнинг музейи”, деб эътироф этди. Ватан равнақи, юрт озодлиги учун жон фидо қилганлар фақат Тошкентда эмас, балки ҳудудларда ҳам бўлганини таъкидлаб, уларнинг ҳам хотирасини абадийлаштириш бўйича топшириқ берди.
Шундан сўнг вилоятлар марказларида мавжуд университет ва институтлар базасида 14 та қатағон қурбонларини ёд этиш музейи ташкил этилди.
2020 йил 8 октябрда давлатимиз раҳбарининг Қатағон қурбонлари хотираси ва меросини янада чуқур ўрганишга доир фармойишларидан кейин қатағон даври бўйича шуғулланувчи олимлар катта куч билан ушбу ишга бел боғлади. Республика бўйича ва жойларда ишчи гуруҳлар тузилди. Шу мақсадда тасдиқланган “Йўл харитаси” бўйича илмий изланишлар олиб борилди.
Профессор Бахтиёр Ҳасановнинг айтишича, изланишлар натижасида Олий судга 28 иш (дело) берилган. Кейинчалик уларнинг сони кўпайиб, 115 тага етди.
“Дело”лардан ўз даврининг етук уламоси, наманганлик Носирхон Тўра Камолхон Тўра ўғли ҳамда у билан бирга юзга яқин одам 1939 йил 8 июнда отувга ҳукм қилингани англашилади.
Айнан шундай шахсларга оид иш яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўриб чиқилганида бирданига 92 шахсни оқлаш ҳақида ҳукм чиқарилди. Бу шахслар Ватан равнақи, юрт озодлиги учун жон фидо қилган боболаримиздир.
Бу боболаримиз ичида Иброҳим Чўқабой ўғли (Иброҳим Лақай тахаллуси билан машҳур бўлган) бўлиб, уни Шарқ Нополёони, деб аташган ва бутун дунё таниган. Уларнинг мақсади бутун Ўрта Осиёни зулм ва зўровонликдан қутқаришга қаратилган бўлганини эшитишнинг ўзиёқ улар қалбида Ватан ишқи нақадар юксак бўлганини англатади. Ёвга бош эгмай курашган бу қаҳрамонларимиз биз учун жасорат сабоғидир!
Минг афсуски, шу заминда яшаб ўтган бир неча авлодга ўша миллий қаҳрамонларимиз “босмачи”, деб кўрсатиб келинган. Зотан, бу сўзнинг луғавий маъноси шу заминда туғилиб ўсган, ўз ерини ҳимоя қилган одам қандай босмачи бўлсин, деб инкор қила олади.
Бу аслида оддий оқлов эмас, тарихий адолат тикланиши. Энди номлари оқланган қаҳрамонларимиз нафақат Хотира китобларидан жой олади, балки уларнинг ҳаёт йўли, жасоратлари ўрганилиб, бу ҳақда асарлар яратилади.
Улар қатори Мадаминбек, Мулла Эргаш каби жасоратли боболаримиз ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўламиз. Ўша вақтларда энг ақлли, энг сара ўғил-қизлар Германияда таҳсил олгани ва улар кейинчалик битта-битта йўқ қилингани ҳақида эшитганмиз. Лекин улар кимлар, нега ўлдирилди?
Олимларнинг изланишлари натижаси уларнинг сони ҳужжатларда қайд этилганидек 70 нафар эмас, балки 100 дан зиёд экани маълум бўлди. Бугун оқланаётганлар ичида улар ҳам бор.
Тарихий хотирасиз келажак йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир халқ ўз тарихини ўқиб-ўрганиш, ноаниқ хотираларни тиклаш учун куршиши керак.
Оқланаётган боболаримиз ҳақида эшитган зиёлилар уларнинг руҳи шод бўлаётгани, авлодларининг кўнгли кўтарилаётганини эътироф этаётган бўлса, айримларда ўтиб кетганларни оқлашдан нима фойда, деган саволлар ҳам туғилмоқда.
Бунга жавобан, Бахтиёр Ҳасанов оқлов миллий қаҳрамонлар ҳаётини чуқур ўрганиш, улар бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш учун зарурлигини айтди. Чунки уларга оид маълумотлар махфий архивларда сақланади. Оқловга эришилмагунча улардан фойдаланиш мумкин эмас.
Лекин энг гўзал ҳақиқат шуки, мустақиллик учун курашган қаҳрамонлар номини оқлаш, тиклаш ва абадийлаштириш бугунги авлоднинг муқаддас бурчи!
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган бу эзгу ишлар бунинг амалий ифодаси бўлиш билан бирга, катта ибрат мактаби бўлиб қолажак.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА